Муҳит кимни бузади?

Лев Толстойнинг «Балдан сўнг» ҳикоясида «Муҳит одамни хароб қилади» деган жумла бор. Бунда ёмон муҳит назарда тутилган.

Ёмон муҳит ростдан ҳам инсон тарбиясига таъсир қиладими?

Ўсмирлар билан ишлаш тажрибамга таяниб айта оламанки, муҳит шахсга болалик ва ўсмирлигида таъсир ўтказиши мумкин. Шу сабабли ота-оналарнинг «Болам ёмон тўдаларга тушиб қолмасин», деган хавотири ўринли. Аммо…

- Эрим дуппа-дуруст эди, анави жўраларига қўшилиб, ёмон йўлга кирди.

- Хотиним анави бемаза дугоналарига қўшилиб бузилди, деган гапларга ишонмайман. Негаки, катта ёшдагилар, ҳарқалай, оқ-қорани танийдиган даражада бўлишади. Фақат…

Уларда ёмон муҳитга мойиллик болаликдан қолган бўлади. «Кўр кўрни қоронғида топади», дейишади. Эътибор қилганмисиз, жамоаларда характери, қизиқиши яқин кишилар ўз-ўзидан бир давра бўлиб олишади, ўзларига муҳит яратишади. Табиат қонуни бу!

Дард кўрган – табиб, аммо…

Бир куни ўқитувчилар хонасида ҳамкасбим газетадан кофенинг хусусияти ҳақидаги мақолани ўқиб берди. Унда агар кофе ҳар куни ичилса, одам саратон касалига йўлиқмайди, дейилган экан.

- Тўғри, - дедим мен, – кофени доимий истеъмол қилиш яхши. Фақат мен каби қон босими баландлар саратонга чалиниб, азоб емасдан, биратўла инсультга дуч келиб, осон қутилиб қўя қолишади…

Умуман, табиблар кўпайиб кетди. Телевизор ҳам, газета ҳам, ижтимоий тармоқ ҳам билган нарсасини реклама қилади: «мен …ни истеъмол қилиб, бутунлай тузалиб кетдим». У тузалган бўлиши мумкин, аммо ҳамма организм бир хил эмас-ку?!

Назаримда, халқ табобати халқ ижодининг бир йўналишига айланиб қолгандек.

Кардиология бўлимида ётганимда тажрибали бир врач шундай деди:

- Энг хавфли нарса беморларнинг ҳуда-беҳуда тажриба алмашгани.

Худонинг бергани

Ўзини ёш қилиб кўрсатиш учун косметолог, руҳшунос ва яна алламбало дўхтирга бораётган аёллар, ҳатто қизларни кўриб, телевизорда Эдита Пьеханинг 75 йиллигига бағишланган кўрсатув эсимга тушади.

Мухбир табиий ёшидан 20 ёшлар ёш кўринган таниқли қўшиқчидан гўзаллиги сирини сўради. Шунда кутилмаганда… Эдита Станиславовна парикларини олиб, ёнига қўйди. Сочлари оппоқ, сийраккина экан.

- Мен ҳам барча кампирлар каби кампирман, - деди кулиб.

Ўша ҳаракати учун уни севганлар, ҳурмат қилганлар яна кўпайди. Худо берганига не етсин…

Дилфуза ТУРДИАЛИЕВА,

Наманган.