Мультимодал йўналиш: Биринчи юк поезди Ўзбекистон орқали Грузияга етиб борди
Қирғизистон Республикасидан биринчи юк поезди 21 январь куни Қорасув (Қирғизистон) шаҳридан Батуми (Грузия) шаҳрига жўнаб кетди. Мультимодал транзит йўлаги орқали жўнатилган 49 цистернадан (мазут) иборат таркиб Ўзбекистон ҳудудидан режалаштирилган 36 соат ўрнига 33 соатда йўл босиб ўтди. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон орқали юкларни жўнатишни амалга ошириш бўйича ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди ва бугунги кунда таркибида яна 48 та мазут ортилган цистернали юк поезди Қорасувдан Батумига жўнаб кетди. Ушбу транзит мультимодал йўлагидан навбатдаги юк жўнатиш учун тайёргарлик кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 2019 йил 19-20 декабрь кунлари беш мамлакат – Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон темир йўллари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтган эди.
Учрашув доирасида иштирокчилар "Осиё-Тинч океани мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа" халқаро мультимодал маршрутини ривожлантириш бўйича мазкур тадбирнинг аҳамияти, контейнер поездларини жадаллик билан ўтказиш ва ягона тарифларни қўллаш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришган эди.
Бу эса нафақат Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ўртасида, балки Европа ва Осиё қитъасининг бошқа давлатлари билан савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради.