Муомалада бўлган ғаройиб пуллар...
Банкноталар ва тангалардаги турли хил ранг, дизайн, портрет ва белгилар одатда мамлакат тарихи ва маданиятига ишора қилади, баъзида улар маълум бир муҳим тарихий воқеага бағишлаб чиқарилган бўлиши мумкин. Баъзи валюталар борки, уларда жуда ғалати мавзулар босилган. Оддий мавзуларни ғалати тарзда тасвирлайдиганлари ҳам йўқ эмас. Тешик банкноталаридан тортиб давлат харитаси туширилган тангаларигача... бу валюталар ҳақиқатан ҳам муомалада бўлганми? Харид учун гапирадиган пул беришингизни тасаввур қила оласизми?
Энг қадимги Хитой қоғоз пули
Европада 17-асрда илдиз отишидан 500 йил олдин, биринчи бўлиб қоғоз пуллардан Хитойдаги Танг сулоласи даврида (милодий 618-907) асосан хусусий банкнота ёки айирбошлаш қоғози кўринишида фойдалана бошланган.
Марихуанна солинган танга
Бенин Ғарбий Африка республикаси ҳукумати буйруғи билан 2011 йилда дунёдаги биринчи марихуанали кумуш танга чиқарилди. Расмий қонуний тўлов воситасининг орқа томонида оч яшил рангли наша барги кўрсатилган. Танга ишқаланганда, синтетик қўшимчалар туфайли ўзидан марихуана ҳидини чиқаради.
Мамонтлар қолдиқлари қўшилган танга
Кот-д’Ивуар Республикаси чиқарган чекланган миқдордаги 1000 франк тангаларида мамонт қолдиқларининг майда бўлаклари қўшилган.
Тўртбурчак банкнота
1987 йилда Таиланд банки қирол Рама-IХнинг 60 йиллиги муносабати билан 60 батлик банкноталарининг махсус сериясини чиқарди. Банкнота квадрат шаклида бўлиб, унинг ўлчами 16х16 сантиметрга тенг эди. Бу дунёдаги энг катта банкноталардан биридир.
100 триллион долларлик банкнота
Оқ танли ер эгаларининг уй-жойлари мусодара қилинганидан кўп ўтмай Иккинчи Конго урушидаги иштироки (1998-2003) ортидан Зимбабведа гиперинфляция бошланди. 2008 йилнинг ноябрига келиб бу инфляция 79600 миллион фоизни ташкил қиларди. Ўша пайтда Зимбабве Миллий банки 100 000 000 000 000 (юз триллион!) долларлик пул белгисини муомалага чиқарди.
Гапирадиган пуллар
2007 йилда Монголияда чиқарилган 500 тугрик тангалари гапирарди. Орқа томонида АҚШ президенти Жон Кеннеди тасвири туширилган тангасидаги тугмачани босиш орқали президентнинг машҳур “Мен Берлинликман” нутқини эшитиш мумкин эди. Зийрак коллекционерлар бу тангалар чиқарилганиданоқ, дарҳол уларни “териб” кетишди.
Харита тасвирланган Замбия кумуш тангаси
31 грамм кумушдан иборат ғалати кўринишдаги танга биринчи марта 2000 йилги Сидней олимпиадасига бағишлаб чиқарилган. Ўлчами 4,8 га 4 сантиметр бўлган ғайриоддий шаклда зарб қилинган тангада Австралия ва Замбия давлатларининг хариталари бир хил ўлчамда акс эттирилган.
Мобуту купюралари
1997 йилда Африканинг Зоир мамлакати (ҳозирги Конго Демократик Републикаси) халқи президент Жозеф Мобутунинг тоталитар режимини ағдарди. Бироқ, янги ҳукуматда валюта етарли бўлмаганлиги сабабли, эски 20000 Зоир банкноталари Мобуту сурати кесилган ҳолда ишлатишга қарор қилинди.
Филиппин 100 000 песоси
Кенглиги 21,5, узунлиги эса 35,5 сантиметр ҳажмдаги номинал Филиппин Маркази банки томонидан 1998 йилда мамлакатнинг 100 йиллигини нишонлаш шарафига муомалага чиқарилди. Бу қоғоз пул Гиннеснинг рекордлар китоби томонидан қонуний тўлов воситаси сифатида фойдаланилган энг катта банкнота сифатида тан олинди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.