Мураккаб жарроҳлик амалиёти туманларда бажарилди

Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали мутахассислари томонидан мураккаб жарроҳлик амалиёти бажарилди.

– Президентимизнинг 2022 йил 26 январда қабул қилинган “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолига кўрсатилаётган эндокринология хизматини ташкил этишнинг “марказ – ҳудудий тиббиёт муассасалари – туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари” тизимини йўлга қўйиш ва унинг узвий боғлиқлигини таъминлаш вазифаси белгилаб берилган эди, – дейди республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали жарроҳи Ўткир Тешаев. – Ана шу тизим асосида йил давомида биргина Нуробод туманида учта мураккаб жарроҳлик амалиёти маҳаллий мутахассисларга маҳорат машғулоти сифатида шу ерда ташкил этилди. Йилнинг сўнгги кунларида тўртинчи шундай амалиёт – Ағрон маҳалласида яшовчи 32 ёшли беморда тугунли бўқоқ ташхиси билан қалқонсимон без ўнг бўлаги резекцияси операцияси ўтказилди. Операция муваффақиятли ўтди ва айни пайтда беморнинг ҳолати яхши. Бундай жарроҳлик амалиётлари туманлардаги ҳамкасбларимиз учун маҳорат сабоғи вазифасини ўтамоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қарорида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида эндокрин касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва бошқариш дастурларини амалиётга жорий этиш ҳам белгиланганди. Шундан келиб чиқиб, ўтган йил апрель ойидан филиал ходимлари туманларга бориб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарғиботини амалга оширди. Бирламчи скрининг амалга оширилиб, аҳоли кўрикдан ўтказилди. 

– Ноябрь ойида халқаро диабетга қарши курашиш ойлиги доирасида вилоятнинг олис ҳудудларида ҳомиладор аёллар, 40 ёшдан ошган, ортиқча тана вазни ва семизлиги бўлган беморлар орасида қандли диабет ва қалқонсимон без касалликларини эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида қатор скрининг тадбирлари олиб борилди, – дейди республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари Гулзода Негматова. – Текширишлар натижасида 515 нафар фуқарода семизлик, 259 нафар фуқарода қалқонсимон без касалликлари ва 145 нафар фуқарода қандли диабет 2-тип касалликлари аниқланди. Беморларга белгиланган даволаш стандартлари асосида керакли тавсиялар берилди. Бундан ташқари, шу пайтгача фақатгина марказимиз ва филиалда амалга оширилган мураккаб жарроҳлик амалиётлари туманларда ҳам бажарилиб, беморлар ва уларнинг яқинлари учун қулайлик яратилди. Биргина 2022 йилда Нуробод, Пайариқ, Пахтачи, Каттақўрғон, Булунғур, Ургут, Паст Дарғом, Нарпай туманларида 18 нафар беморда шундай операциялар туманларда бажарилди.