Мурожаатчига етказилган зарар пулини ундириш учун суд қарори чиққан. Асосий гап МИБда қолмоқда

Телеграм ботимизга Самарқанд шаҳар Фарҳод шаҳарчаси, Ширин маҳалласида яшовчи фуқаро Юлдаш Раҳимовнинг мурожаати юзасидан вилоят бандлик бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди:

Юлдаш Раҳимов Фарҳод шаҳарчаси Ширин маҳалласида жойлашган “Самарқанд сувқурилиш индустрия” ИЧБ оператор бўлиб ишлаган. Меҳнат жараёнида бахтсиз ҳодисага учраб, оғир тан жароҳати олган. 1989 йил Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси кўрик далолатномасига асосан меҳнатда майибланганлик бўйича II гуруҳ ногиронлиги муддатсиз белгиланган.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 189-модаси 1-қисмида белгиланган “Ходимнинг касб касаллигига чалиниши сабабли етказилган зарарни иш берувчи тўлиқ тўлаши шарт”лиги тўғрисидаги талаблар асосида “Самарқанд сувқурилиш индустрия” ИЧБ томонидан 2019 йилнинг июнь ойига қадар ойма-ой 793 минг 214 сўмдан соғлиғига етказилган зарар пули тўлаб келинган.

Бироқ Юлдаш Раҳимовга 2019 йил июнь ойидан 2020 йил 31 январгача жами 4 миллион 997 минг 251 сўм миқдорда меҳнатда майибланганлик оқибатида етказилган зарар пули тўланмаган.

Бу борада жорий йил 2 февралда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритилган.

Фуқаролик ишлар бўйича Самарқанд шаҳар судининг 19 мартдаги ҳал қилув қарори асосида “Самарқанд сувқурилиш индустрия” ИЧБдан 2-гуруҳ ногирони Ю.Раҳимовнинг фойдасига ундириш қаратилган.