Мурожаатчининг уйига тез ёрдам машинаси юборилди
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Иштихон туманида ташкил этилган пресс-тур аҳоли учун сайёр тиббий кўрикдан бошланди.
Туманнинг Қирқ йигит маҳалласида махсус чодирлар тайёрланиб, уларда аҳоли хирург, педиатр, онколог, инфекционист, уролог, акушер-гинеколог, ЛОР, терапевт, невролог, физиатр сингари 20 га яқин турдаги тор мутахассислик вакилларидан маслаҳат олди. Бунда фуқароларнинг касаллигини эрта аниқлаш, ташхис қўйиш учун барча шароитлар яратилган, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган автобуслар, тез тиббий ёрдам машиналари хизматга шай.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов сайёр тиббий кўрик доирасида мурожаатчилар учун қабул ўтказди. Эътиборлиси, унда ҳеч бир мурожаат қайтарилгани ёки қуйи бўғинлар “ҳиммат”ига қолдирилгани йўқ. Беморлар ва уларга ҳамроҳлик қилиб келганларнинг дарду-ташвишларини ўзи тинглаб, “ташхис”ни ҳам ўзи қўйди.
— Олти ойдан буён овораман, кирмаган масъулим, учрашмаган шифокорим қолмади, - дейди туманнинг Қоражўйли маҳалласидан келган Ойсулув Намозова. – Умуртқа поғонамда силжиш бор, операция қилиш керак, дейишяпти. Лекин бунинг учун пулим йўқ, оилам ҳам “Темир дафтар”да туради. Сайёр қабулда барча муаммоларим ҳал бўлди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси мени бепул операция қилдирадиган бўлди.
— Кампиримни больницага ётқизиш керак, юраги оғрийди, - дейди Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Қўчқор ота. – Тиббий кўрикка олиб борганимизда “Уйда даволанса бўлади”, деб қайтариб юборишганди. Лекин уйда касали зўрайиб боряпти. Дўхтирларнинг каттасига учрашай, деб келдим.
Бошқарма бошлиғи мурожаатчи отахоннинг уйига тез тиббий ёрдам машинасини жўнатди. Шифокорлар уни зудлик билан кўрикдан ўтказиб, зарур бўлса, шифохонага ётқизишадиган бўлишди.
Қабулда санаторийда даволаниш учун йўлланма олиш, ногиронлик нафақасини тайинлаш сингари тизим ваколатига кирмайдиган масалаларда ҳам мурожаатлар бўлди. Бундай мурожаатчиларга зарур ҳуқуқий ва тиббий маслаҳатлар берилди.
— Иштихонда ташкил этилган тадбиримиз уч босқичда олиб борилмоқда, - дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Суҳроб Зайниев. – Биринчи босқич бир ҳафта олдин бошланган эди. Унда туманга жалб қилинган 400 нафарга яқин тиббиёт ходимлари хонадонма-хонадон юриб, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзи, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш юзасидан тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Жараёнда сурункали касаллиги, ногиронлиги борлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур маслаҳатлар бериляпти. Иккинчи босқич туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида давом этмоқда. Унда вилоятимизнинг энг малакали жарроҳлари жам бўлишган. Бугунгача улар томонидан иштихонлик беморлар устида 70 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Қирқ йигит маҳалласида ташкил этилган сайёр тиббий кўрик ҳамда бошқарма бошлиғининг қабули навбатдаги босқич.
Пресс-тур иштирокчилари туманнинг Сафохўжа маҳалласида бўлди. Бу ердаги тарғибот тадбирларини вилоят перинатал маркази шифокорлари томонидан олиб бормоқда. Маълум қилинишича, бир ҳафта ичида шифокорлар маҳалладаги 300 хонадонга кириб, 1500 нафардан зиёд фуқарони тиббий кўрикдан ўтказган.
Асқар Баротов.