Мурожаатлар сайёр солиқ текшируви ўтказишга асос бўлади

Шу кунларда сайёр солиқ текшируви нима, у қай тартибда амалга оширилади, каби саволлар тез-тез берилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчилар (солиқ агентлари)ни аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу ҳужжатда сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби белгиланган. Жумладан, сайёр солиқ текшируви солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширувдир. Сайёр солиқ текширувида ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Сайёр солиқ текшируви текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади (Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларни текшириш бундан мустасно).

Солиқ тўловчиларда ўтказилган текширув натижалари солиқ органлари томонидан текширув тугатилганидан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

Солиқ хавфини бошқариш тизими орқали аниқланган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш хавфи мавжудлиги, жисмоний ёки юридик шахсларнинг солиқ ёхуд валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлари сайёр солиқ текшируви ўтказишга асос бўлади.

Мусурмон Мамадиёров,

вилоят давлат солиқ бошқармаси ходими.