Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини ёшлар ҳам англаб етиши зарур
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаши яхши анъанага айланди. Давлатнинг йил давомидаги энг асосий дастурий ғоялари, лойиҳалари айнан мана шу Мурожаатномада акс этаяпти.
Кейинги йилларда давлатимиз томонидан ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган туб ислоҳотлар замирида келажак авлод камолотини таъминлаш, уларни жамиятнинг энг муҳим ташаббускори сифатида камол топтириш каби эзгу ғоя ётганлиги барчамизга яхши маълум. Мурожаатномада мазкур масалаларга алоҳида урғу берилди.
Аниқроғи, 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилиши ёшларга бўлган эътиборнинг яққол намунасидир. Мамлакатимизнинг демографик нуқтаи назардан ёш мамлакат эканлиги ва аҳолининг 65 фоизини 35 ёшгача қатлам ташкил қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу яхши ва пухта ўйланган ташаббус эканлигига амин бўламиз.
Жумладан, Мурожаатномада ёшлар масалаларида қуйидагича режа ва марралар белгиланди:
– олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга ошириш ва олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалардаги қизлар учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказиш. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этиш;
– “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга ошириш. Бу дастур орқали илк бор бакалавр йўналишида чет элларга 100 нафар ўғил-қизлар юбориш. 30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқини бериш;
– ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш учун 100 миллион доллар ажратиш;
– ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ажратиш;
– 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратиш.
Албатта, давлатимиз раҳбарининг биз, ёшларга қаратаётган бундай эътиборига ўз билимимиз, ақлимиз, юртимизга бўлган муҳаббат билан жавоб берамиз.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган бу каби сиёсий ташаббусларга ҳамоҳанг тарзда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ҳам ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ҳуқуқий онги ва соғлом маънавий дунёқарашини оширишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган йилда Ҳаракатнинг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан турли социологик тадқиқотлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашувлар, “Келажакка назар” мавзусида мотивацион мулоқотлар, “Ёшлар парламенти” аъзолари билан янги ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ўрганишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилди.
Жорий йилда ҳам ушбу йўналишда ишлар бисёр. Бу борада Президентимиз томонидан билдирилган Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказиш асосий ишларимиз сирасида турибди.
Абдуғаффор АБДУРАҲМОНОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.