“Мурувват” уйидагилар кўчада қоладими? Ҳолатга гувоҳ бўлган киши шундай хулосага келиши табиий
Зиммамизга юклатилган вазифа ва олдимизда турган мақсадлардан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари бузилиш эҳтимоли мавжуд корхона-ташкилотларда режа асосида мониторинг тадбирлари ўтказиб борилмоқда.
Шундай тадбирларнинг бири Ургут туманидаги эркаклар “Мурувват” уйида ўтказилди. Муассасадаги шароитларни ўрганиш асносида бу ерда яшаётган фуқаролар билан самимий мулоқот ташкил қилинди.
Суҳбат давомида аввало бу ердаги кишиларга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва унинг вилоятдаги минтақавий вакилининг функционал вазифалари ва ваколатлари тушунтирилди. “Мурувват” уйидагилар бу ердаги яшаш шароити, шунингдек, овқатланиш, дори-дармонлар билан таъминланганлик ва уларга ходимлар томонидан бўлаётган муносабатлардан мамнунликларини билдиришди.
Бироқ олиб борилган мониторинг ўрганишлар давомида муассасада яшовчи айрим кишиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланди. Худди шундай ҳолат аёллар “Мурувват” уйида ҳам кузатилди.
“Мурувват” уйи мутасаддиларининг мурожаатига асосан масаланинг моҳиятини ўргандик. Мутасаддиларнинг қайд этишича, бир қарашда арзимаган кўринган ҳужжат вақт ўтиб жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳатто тўлиқ давлат қарамоғида бўлган бу кишиларга мурувват кўрсатишнинг иложи қолмайди. Муаммонинг ечимини суд орқали ҳал қилиш мумкин. Бироқ бу борада “Мурувват” уйи қилган мурожаат тегишли харажат талаб қилади. Табиийки, муассасада бундай ҳолатлар учун кўзда тутилган маблағ йўқ.
Шу боис, вазиятдан келиб чиқиб, “Мурувват” уйларидаги 9 кишининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномаларини олишни ҳал қилиб бериш учун судга даъво аризаси киритдик.
Ўз навбатида тегишли давлат идоралари билан ёзишмалар орқали 9 нафар руҳий хаста беморнинг зарур ҳужжатларини тўплаб, судга тақдим қилдик.
Фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани суди раиси Темур Рустамов ишни сайёр суд мажлисида - “Мурувват” уйларида кўриб чиқди. Якунда 9 нафар беморнинг манфаатини кўзлаб туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризалар қаноатлантирилди.
Энди суднинг қарорлари асосида қайд қилинган кишиларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат - фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиб берилади.
Диёр Ҳусанов,
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) вилоят минтақавий вакили.