Мурувватда имомлар ибрат кўрсатмоқда

Муборак Рамазон ойи давом этаётган шу кунларда Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди жамоаси ва саховатли кишилар Самарқанд шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйига бориб, тарбияланувчилардан ҳол сўради. Уларни Рамазон билан қутлаб, бу ойнинг шукуҳи ва фазилати ҳақида сўзлаб бердилар. Муассаса тарбияланувчиларига озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда икки юздан зиёд бадиий ва илмий китоблар туҳфа қилинди.

– Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан бири, – дейди “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди имом хатиби З.Маҳмудов. – Уларга таом, кийим-кечак, таълим-тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони Каримда етимнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, унга мурувватли бўлиш ҳақида бир қанча оятлар бор. Ушбу муборак кунларда халқимиз бунинг аҳамиятини теран англаб етса, нафақат савоб амалларимиз кўпаяди, балки бу жамият учун ҳам ниҳоятда фойдали иш бўлади.

"Хўжа нисбатдор" жоме масжидида ҳам муборак Рамазон ойида айнан шундай ишларни ташкил этиш мақсадида "Саховат карвони" хайрия қутиси ташкил этилибди. Хайриядан тушган пуллар муҳтожларга, кам таъминланган оилаларга ёрдам тариқасида берилади.