Мустақилликни мустаҳкамлашда маънавий мустақиллик ғоят муҳим. Унингсиз истиқлолнинг барқарорлигини таъминлашнинг имкони йўқ
Ўзбекистон бугун сиёсий мустақилми? Бу саволга баралла “ҳа” деб жавоб бериш мумкин. Давлат байроғимиз фақат БМТ қароргоҳининг рўпарасида ҳилпирагани йўқ. Биз МДҲ, ШҲТ, ИҲТ каби нуфузли минтақавий ташкилотларнинг ҳам комил ҳуқуқли аъзосимиз.
БМТ Бош асамблеясининг 72-сессияни олайлик. Унда Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббусларга аъзо давлатлар якдиллик билан хайрихоҳлик кўрсатмоқда.Хусусан, 2018 йилнинг 2 июлида Бош ассамблеянинг Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш юзасидан минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюцияси қабул қилинди. Зеро, Ўзбекистоннинг иштирокисиз минтақада бошланган бирор жараёнмуваффақиятли якун топиши қийин. Ўша йилнинг 12 декабрида халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг яна бир ташаббуси – Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюцияни тасдиқлади. Худди шунингдек, Орол денгизидаги экологик инқироз ва Aфғонистон муаммоси бўйича қизғин муҳокамалар давом этмоқда. Чунки, бу икки масала минтақавий кўринишга эга бўлса-да, аслида глобал аҳамият касб этади.
Ўзбекистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқалар ўрнатган барча давлатлардадипломатик ваколатхоналаримиз фааолият кўрсатмоқда. Буни юртимиздаги дипломатик корпуснинг салмоғи ҳам тасдиқлайди.
Иқтисодий мустақиллигимиз ҳам мустаҳкам. Унинг таркибий қисмлари бўлган энергетик мустақиллик, ғалла ва умуман, озиқ-овқат мустақиллиги, сув мустақиллиги ва бошқалартаъминланган, айрим йўналишларда биз ҳатто экспортчи мақомига ҳам эгамиз. Ўзбекистон саноқли автомобилсоз мамлакатлар қаторидан жой олган. Хорижий давлатлар билан тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосидаги савдо-иқтисодий муносабатлар йил сайин ривожланиб бормоқда.Қайси мамлакатдан делегация ташриф буюрмасин, ё давлатимиз раҳбари қайси юртга ташриф буюрмасин, бу воқеа-ҳодисаларга доир ахборот манбаларида савдо айланмаси ва инвестициялар оқими юксалаётганини, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш учун янги-янги келишувларга эришилаётганини кўриш мумкин.
Транспорт коммуникациялари ҳам жадал ривожлантирилмоқда. Биз Каспий денгизига, Форс кўрфази ва бошқа минтақаларга чиқадиган темир йўл ва автомобиль йўллари барпо этиш устида кенгмиқёсда ҳамкорликка асос солганмиз.
Худди шундай фикрларни маданий-гуманитар соҳада ҳам айтиш мумкин. Хорижий мамлакатлар вакиллари юртимизда ўтказиладиган маданият ва санъатга, илм-фанга оид анжуманларда, спорт мусобақаларида, бошқа тадбирларда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон маданият ва санъат намояндалари, олим ва тадқиқотчилари, спортчилари чет давлатлардаги фестивалларда, илмий семинар ва симпозиумларда, турли фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида шунчаки меҳмон эмас, балки анъанавий қатнашчиларга айланган. Биз учун яна бир муҳим жиҳати шундаки, ўзбекистонликларнинг бу тадбирларда ғолиблик қилиши кўпчилик учун фавқулодда ҳодиса эмас, кутилган натижа ўрнида кўрилади. Яъни, бизнинг маданият ва санъатда, илм-фан ва спортдаги салоҳиятимиз аллақачон дунёга танилган ва эътироф этилган.
Буларнинг барчаси истиқлол байрами арафасида ҳам, бошқа вақтларда ҳам тез-тез тилга олинади. Аммо алоҳида тўхталиш лозим бўлган яна бир мавзу бор. Мустақилликни мустаҳкамлашда маънавий мустақиллик ҳам ғоят муҳим ўрин тутади. Унингсиз истиқлолнинг барқарорлигини таъминлашнинг имкони йўқ.
Нима учун шундай? Чунки, бирор халқни йўқ қилиш учун ядровий қуроллардан, қудратли армиябосқинидан ҳам кучлироқ омил бор. Бу ўша халқнинг халқлигини йўқ қилишдир. Бунга қандай эришилади? Албатта, унинг ўзлигини, маданиятини, тарихини, бир сўз билан айтганда, маънавиятини барбод қилиш билан эришилади. Машҳур дипломат ва разведкачи, 1953-1961йилларда Марказий разведка бошқармаси бошлиғибўлган Аллен Даллеснинг шўро давлатини парчалаш тўғрисидаги фикрларини барчамиз яхши эслаймиз. У совуқ уруш даврида мамлакат аҳолисини хуфя тарзда маънан-ахлоқан бузишга қаратилган эди. Афсуски, унинг фикрлари ва шунга ўхшаш “ғоялар”дан бугунги кунда ҳам турли бузғунчи кучлар фойдаланишдан тўхтагани йўқ. Биз Аллен Даллесни айблашдан йироқмиз, у жосуслар сардори сифатида ўз вазифасини бажарган. Лекин унинг айтганлари ва бошқаларнинг шунга ўхшаш фикрлари ҳар қандай соғлом ақл эгасини ҳушёр торттиради.
“Инсон табиати шундайки, у қийинчилик пайти тасалли излайди: кимдир динга муккасидан кетади, бировлар ичкиликка берилади, яна бошқалар бузуқликдан таскин топмоқчи бўлади, - деган эди машҳур жосус. - Урушдан кейин бу халқ оғир аҳволда қолди. Жангу жадалларда турмуш ўртоғини йўқотган бевалар, севгилиси ташлаб кетган куюнчак қизлар, ҳаётда ўз ўрнини топа олмай юрган аламзада йигитлар... Уларга Худога таваккул қилишни маслаҳат беринг, ҳар хил оқимларга қўшиб юборинг, бундай оқимлар бўлмаса, ўзингиз ташкиллаштиринг! Улар ичкиликни яхши кўради, урушдан олдин қўлбола самогон тайёрлаганларини эсига солинг, шунда ўзларини дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдигандек тута бошлашади. Кейин тошқин содир этинг: улар қаёққа бошқарсангиз, ўша томон юради. Улар латифаларни яхши кўради. Шу хусусда “ёрдам беринг”, бугуни ва эртасини мазах қиладиган латифаларни кўпайтириб, тарқатинг.Нишонга аниқ тегадиган латифа яшин мисол тез ёйилади. Улар “гап келганда, отангни ҳам аяма” дейди. Демак, латифа бири бўлмаса бирининг онгида юпқа бўлса ҳам доғ қолдиради ва бу аксилсовет катализатор бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир халқнинг умиди – ёшлар. Биз ана шу табақадавлатни алдашига эришишимиз керак. Ёшлар ўйин-кулгига мойил бўлади, уларнинг онгига йўл топишда шуни ёдда тутиш лозим. Уларнинг ақл-тафаккурини ҳаётдан маъно йўқлиги ҳақидаги оғу билан заҳарланг, жинсий масалаларга қизиқишини кучайтиринг, оммалашган бемаза рақслар, чиройли латта-путта, махсус пластинка, шеър ва қўшиқлар билан ўзингизга оғдиринг. Фарзандлар ҳар доим ота-онага таъна қилиш учун баҳона топа олади. Шундан фойдаланинг! Ёшларни катта авлод билан низолаштиринг. Мен ҳар бир алоҳида олинган вазият учун яна ҳам кўп усулларни айтиб беришим мумкин. Бир гапни айтаман, холос: руҳий-ахлоқий кураш усулларини қўллашга ижодий ёндашиб, янги-янги нарсаларни кашф қилишимиз керак, токи уларнинг тарғиботи бизга етиб ололмасин ва биз доим бир қадам олдинда бўлайлик”.
Гарчи, бу гаплар 60-70 йил аввал айтилган бўлса-да, биз аллақачон шўро мустамлакасидан озод бўлган эсак-да, юртимизда ва бошқа мамлакатларда худди мана усулларнинг аломатларини ҳозир ҳам кўришимиз мумкин.Уларни бугун умумий қилиб “оммавий маданият” деб атаяпмиз.
Мана, “сариқ матбуот” зўр бериб, қўйди-чиқди ҳангомаларини ёзади, “ҳаётий воқеа асосида суратга олинган” телесериалларимизда ҳам бузуқлик ҳақидаги воқеа-ҳодисалар ҳақида кўп гапирилади, илгари ётоқхона саҳнаси умуман бўлмаган бўлса, ҳозир эр-хотиннинг диалоги асосан ўша ерда кечяпти. Севгилиси ташлаб кетган куюнчак қизлар, ҳаётда ўз ўрнини топа олмай юрган аламзада йигитлар образларини матбуотда ҳам, телевидениеда ҳам бот-бот учратамиз, ижтимоий тармоқларни-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Булар қаторига демократия шиори ниқоби билан ЛГБТдек ўта тубан ҳаракат ҳам қўшилди. Қатор давлатларда чақачалик ҳам салмоғи бўлмаган озчилик кўпчиликка ҳукмини юргизмоқда. Овертон туйнуги бугун кўз олдимизда намоён бўляпти:айрим мамлакатларда бир жинсли никоҳлар ва педофилияни қонунийлаштириш ва ёш болаларни жинсини ўзгартиришга чорлаш ҳолатлари учраяпти, халқаро миқёсда олсак, эркакларнинг гўё жинсини ўзгартирган бўлиб, спорт мусобақаларида безбетлик билан аёлларга қарши майдонга тушиши каби хунукдан-хунук манзаралар кузатиляпти. Булар бир маҳаллар жиноят ҳисобланган бўлса, бугун қайсидир маънода фахр манбаига айланиб боряпти. Демократия (фикр эркинлиги – “истаганимга кўнгил қўяман”, “истаганим билан ҳаётимни боғлайман”) ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси (эмишки, педофилларни ҳам тушуниш керак экан, уларда шундай биологик эҳтиёж бўларкан) бу бузуқликка баҳона, холос. Асл мақсад жамиятларни пароканда қилиш, анъанавий қадриятларни йўқотишдир.
Улар ичкиликни яхши кўради. Бу умумий айтилган гап бўлиб, аслида кайфу сафо назарда тутилган. Ичкиликка берилмаган бўлса-да, наркотик моддалар ё улар каби таъсир қиладиган тақиқланган дори воситаларини истеъмол қилувчилар, афсуски, йўқ эмас. Жуда бўлмаганда, қувватни ошириб, танани жунбушга келтирадиган, жазавани қўзғайдиган ичимликларни истеъмол қилиб, тонггача дискотекадан бери келмайдиганлар ҳам топилади.
Латифа борасидаги гапга ҳам бугунги кунданкўп мисол келтириш мумкин. Ҳар хил “қизиқчи” гуруҳлар вужудга келди, улар минглаб одамларни йиғиб катта-катта томошалар уюштиряпти, залдагилардан ташқари, ижтимоий тармоқлар орқали уларни минг-минглаб одамлар кўриб, гўё ҳордиқ чиқаряпти. Кўпчилик наздида “ҳақиқатни айтаётган”, “ҳаётий гаплардан сўзлайдиган” бу гуруҳлар ёшлар онгига таъсир қилмайди, деб ўйлаш катта хатодир. Уларнинг беҳаё шоуларини кўрганлар ҳаётини шу асосда шакллантиришга интилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Безбетлик, андишасизлик, бетгачопарлик, катталарга ҳурматсизлик, кичикларга бешафқатлик, жамоат жойларда ҳам беҳаё гапларни баланд овозда айтишга кўникиш каби иллатлар негизида руҳий-ахлоқий, бошқача айтганда, маънавий қашшоқлик, енгил-елпи ҳаётни афзал кўриш, Ватан, чин муҳаббат, поклик, ҳалоллик, бағрикенглик, тўғрисўзлик, муросасозлик, хушмуомалалик каби фазилатларни менсимаслик, бундай хислатлар эгаларини қолоқликда айблашга ўхшаган муаммолар ётади.
Оммалашган бемаза рақслар, чиройли латта-путта, махсус пластинка, шеър ва қўшиқлар билан ўзингизга оғдиринг. Рақслар ҳамон бор, чиройли латта-путта ёнига телефон ва бошқа “ақлли” техника қўшилди, пластинка ўрнини ижтимоий тармоқлар ва USB-дисклар эгаллади, ҳозирги шеър ва қўшиқларнинг аксариятини шеъри ва қўшиқ деб бўлмайди. Фонограмма тинглаш учун концерт залларига талашиб-тортишиб чипта сотиб олишнинг ўзи кулгили, лекин айни пайтда жуда ачинарли ҳолат.
Фарзандлар ҳар доим ота-онага таъна қилиш учун баҳона топа олади. Шундан фойдаланинг! Ёшларни катта авлод билан низолаштиринг.Кийим-кечак, янги айфон, автомобиль, тилла буюм, тенгдошларини билан маишат учун пул, ўқиш ё ишга киритиб қўйиш ва ҳоказони талаб қилиб, ота-онаси билан жанжал қилаётганлар йўқ, десак, ҳақиқатдан кўз юмган бўламиз. Буни тан олишдан қўрқмаслик, аксинча, шундай муаммо борлигини эътироф этиб, бартараф қилиш чораларини кўриш зарур. Қиёмат яқинлашганининг аломатларидан бири онанинг ўз хожасини дунёга келтириши ҳақидаги ҳадисни кўпчилик яхши билади. Бугун катталар фарзандини ўзига хўжайин қилиб олмаслиги керак. Уни фақат эркалаш, айтганини шу заҳоти муҳайё қилиш билан чекланмасдан тергаб туриш, ўқиш ва ишларини, давоматини текшириб бориш, феъл-атвори, хулқи, ўзини тутиши ва юриш-туришини кузатиш, ҳаёт ҳамиша ҳам бир зайлда фаровон кечавермаслигини англатиш, қадриятларга ҳурматини ошириш каби тарбиявий ишлар ўта зарурдир. Жамоат транспортида қариялар ёки ёш болали аёлларга жой бермаслик учун “ухлаш”, телефонда “ўта зарур” иш билан машғул бўлиш, кўча-кўйда катталарга йўл бериш ўрнига уларнинг устига тикка бостириб бориш, жамоат жойларда баланд овозда гаплашиш, мусиқа тинглаш ё клиплар томоша қилиш, беҳаё сўзларни ишлатиш, навбатда турганларни менсимаслик, “индамаяпти, демак, қўрқаяпти” деган маънода ҳар турли андишасизлик қилиш, қўполлик, ожизларга нисбатан зўравонлик, майиб-мажруҳларни ҳақоратлаш ва мазах қилиш каби кўнгилсиз манзаралар шу билан даф этилади.
Уларга Худога таваккул қилишни маслаҳат беринг, ҳар хил оқимларга қўшиб юборинг, бундай оқимлар бўлмаса, ўзингиз ташкиллаштиринг!Ваҳҳобийлар, ҳизбуттаҳрирчилар, мазҳабсизлар, сохта салафийлар, миссионерлар ва бошқа тоифадаги бузғунчилар айнан юқоридаги гапларнинг амалдаги ифодасидир. Мисол учун, оёқлари орасини штангистларга ўхшатиб кенг очиб олиб, қўлини кўксига қўйиб намоз ўқийдиганлар минг йиллар давомида яхлит қонун-қоидаларга амал қилиб келган ота-боболаримиздан ақллироқ ва илмлироқми? Соқол қўйишни суннат санаб, кериладиган, лекин намоз пайти масжид томон эмас, қарама-қарши тарафга қараб кетаётганларгакўпчиликнинг кўзи тушган бўлиши керак. Суннатга амал қилганларнинг фарзни тарк этиши уларнинг илмидан далолатми, ё имониданми, ё тақвосиданми, бу риторик савол бўлса-да, сира тушуниб бўлмайдиган ҳолатдир.
Ёшлар фақат ўйин-кулгига эмас, ўзлари қизиқарли санаган ҳамма нарсага интилади.Дискотека, наркотик моддалар, ичкилик, айшу ишрат қаторида дин ниқобидаги турли оқимларга ҳам. Уларни чалғитиш жуда ҳам осон. Чунки мия, онг ҳали вакуум, бўшлиқ ҳолатида бўлади, нимани биринчи бўлиб ташласангиз, ўшани маҳкам тутиб қолади. Қуръони карим араб тилида нозил бўлган, ҳадислар ҳам араб тилида, уларни олим эмас, ғаразли ниятда бўлган чаласавод тафсир ё, яна ҳам ёмони, талқин қиладиган бўлса, ана шу вакуум сохта илм билан тўлади. Айтайлик, биз “овқат пишган бўлса, еб олинг”, деймиз. Арабларда жумла тузилиши бошқачароқ. Улар бу гапни “еб олинг, овқат пишган бўлса” деб айтади. Мана, қуруқ таъкид бўлмаслиги учун Ёсин сурасининг 48-оятини келтирамиз:
Яна улар: “Агар ростгўй бўлсангиз (айтингиз-чи), мана шу ваъда (азоб) қачон бўлади?”дерлар.
Сўзма-сўз таржимада жумла бу қуйидагича чиққан бўларди:
Яна улар дерлар: “Мана шу ваъда (азоб) қачон бўлади, агар ростгўй бўлсангиз (айтингиз-чи)!
Турли оқимларнинг асосий қуроли оят ва ҳадисларни нотўғри англатишга асосланади. Мураккаб жумлаларнинг биринчи – кўпинча амр шаклидаги қисми ўқилиб, бу амрнинг шарти бўлган иккинчи қисми ташлаб кетилади. Тафсир, фиқҳ, ақида каби диний илмлардан бехабар одам бу қармоққа тез илинади. Илинганда ҳам шундай илинадики, бутун онгу шуури ва вужуди билан ўша ёлғон ақидани ҳимоя қила бошлайди, бошқа ҳеч нарсани қабул қилмай қўяди. Шунинг оқибатида “жиҳод” учун “оловли нуқта”ларга кетади, ўзи яшаётган жамиятни пароканда қилишга интилади, ўзига ҳамфикр бўлмаганларни кофирга чиқаради ва бошқа номаъқул ишларга қўл уради.
Албатта, байрам кунларида бундай аччиқ гаплар бирмунча ноўрин кўриниши мумкин. Лекин тан олиш керак: мустақиллигимизни кўра олмайдиган, ёт ғоя ва мафкуралар билан мамлакатимизни ичкаридан бузишни истаган кучлар ҳали ҳам бор. Давлат қуруқ декларациянинг ўзи билан мустақил бўлиб қолмайди. Мустақилликни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш керак. Қутлуғ байрам кунлариқалбимиз сурур ва фахрга тўлар экан, бу шукуҳни асраш, муҳофаза қилишни ҳам ўйлаш зарур. Ҳаёт фақат қутлуғ саналарни нишонлашдан иборат эмас. Ҳаёт кураш демакдир.
Албатта, Ўзбекистон раҳбарияти бу борада бир дақиқа ҳам ҳушёрликни йўқотгани йўқ. Аксинча, бош шиоримиз бўлмиш “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида ҳамюртларимизни, айниқса, ёшларни радикал ва экстремистик оқимлардан, “оммавий маданият” унсурлариданҳимоялаш, уларда кучли маънавий иммунитетни шакллантириш, дунёқараш ва тафаккур доирасини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, жамиятда тинчликпарварлик, бағрикенглик, илм-маърифат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.
Жаҳолатга қарши курашнинг энг маъқул ва самарали йўли нима?! Жоҳилга жоҳиллик билан қаршилик кўрсатиш ёниб турган оловга ёғ сепиш билан баробар. Негаки, жаҳолат ботқоғига ботган киши ўзини тубанликда эмас, юксакда ҳисоблайди, унга кимдир жаҳл қилган сари жазаваси баттар қўзийди. Шу боис ҳам жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш керак. Бу Ўзбекистон раҳбарияти танлаган энг тўғри, оқилона ва одилона йўлдир.
Юртимизда қисқа вақт давомида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил қилинди. Бухородаги Мир Араб мадрасасига янги ҳаёт бахш этилди. Фарғонада ислом илмининг яна бир асосий устунларидан бўлган табаррук зот – Бурҳонуддин Марғиноний халқаро илмий-тадқиқот марказини очиш мўлжалланмоқда. Бу муассасаларнинг барчаси халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини ўрганиш, диний ва дунёвий жиҳатдан тадқиқ этиш, миллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан бирга, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга ҳам хизмат қилади.
Бир жиҳатни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон халқи нафақат Хоразмий, Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек сингари бутун инсоният цивилизацияси ривожига ҳисса қўшган, балки айни пайтда Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳонуддин Марғиноний каби ислом илмлари тараққиётида ғоят салмоқли ўрин тутган аждодлари билан ҳақли равишда фахрланади.
“Саҳиҳул Бухорий” ислом оламида Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба саналади. Дунё мусулмонларининг энг катта қисми Имом Мотуридий ақидасини асосий таянч деб билади. Баҳоуддин Нақшбанднинг “Ҳидоя” асари ҳали-ҳануз ислом ҳуқуқшунослигининг бош қўлланмаси бўлиб қолмоқда. Тасаввуфнинг Баҳоуддин Нақшбанд каби энг йирик намояндалари ҳам биз яшаётган заминдан етишиб чиққан.
Ўзбекистон янги илмий марказлар очиш билан чекланиб қолмаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Юртимизда ҳукумат ва мана шундай муассасалар ташаббуси билан халқимиз орзиқиб кутган асарлар ўзбек тилида нашрдан чиқмоқда. “Таъвилотул Қуръон”да Имом Мотуридий барча ботил оқимларга илмий асосланган раддия бериш билан бирга, кейинги даврларда кимлардир томонидан туғилиши мумкин бўлган саволларга жавоб ҳам ёзиб кетган. Китобнинг нашрдан чиққан дастлабки ўзбекча жузлари билан танишган киши “агар фалон нарсани сўрасалар, биз мана бундай жавоб берамиз” жумлаларини кўп учратиши мумкин. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ҳам бир неча таржимаси босмадан чиққан. Ҳадисларнинг муҳимлиги шундаки, улар орқали исломнинг моҳияти, арконлари, талаблари, чекловлари ва бошқа жиҳатлари тўлиқ англанади. Дейлик, Қуръони каримда мусулмонларга намоз ўқиш амр қилинган, лекин бу ибодатнинг турлари, тартиб-қоидалари кўрсатилмаган. Буларни мусулмонлар ҳадислардан олади.
Худди шунингдек, хайрли ташаббуслар натижасида турли илмий анжуманлар ташкил этилмоқда. Улар орқали ҳам кўҳна Мовароуннаҳр алломаларининг бой мероси халқаро миқёсда тарғиб этилмоқда, ҳам хорижлик уламо ва мутахассислар билан жаҳолатга қарши маърифат воситасида курашиш ғояси йўлидаги саъй-ҳаракатлар бирлаштирилмоқда.
Янги очилаётган марказларга нуфузли халқаро ташкилотлар хайрихоҳлик билдириши, уларнинг аҳамияти ҳақида тўлиб-тошиб сўзлаши ҳам Ўзбекистон танлаган йўлнинг тўғри эканидан далолатдир. Хусусан, ИҲТнинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрол ҚиличИмом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказитўғрисида ҳам расмий шахс, ҳам холис инсон сифатида бундай фикр билдирган:
- Ўзим раҳбарлик қилаётган Марказнинг бош мақсади мусулмон олимларнинг жаҳон цивилизацияси равнақига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб этишдан ҳам иборат. Ислом илмлари ривожида асосий ўрин тутган алломаларни ҳақли равишда етук сиймолар сирасида кўрамиз. Умрини шундай шарафли ишга бағишлаган Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва машаққатли ижоди ҳақидаги маълумотларни, унинг хизматлари туфайли эришилган янги билимлар моҳиятини жаҳон бўйлаб кенгроқ тарқатишни ота юртимиз – Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз иштирокисиз амалга оширишни имконсиз деб биламиз.
Бевосита Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мисолида қарайдиган бўлсак, ушбу муассасанинг 2022-2023 йиллардаги фаолияти натижаларида ҳам “Жаҳолатга қарши – маърифат” мақсади яққол намоён бўлади.
Бу вақт давомида Марказ томонидан буюк аллома ва мутафаккирларимиз қаламига мансуб йигирмага китоб ва рисола нашр этилди. Улар орасида Убайдуллоҳ Ибн Масъуд Садруш Шарианинг “Шарҳул виқоя”, Имом Бухорийнинг “Холқу афъолил ибод”, “Тарихус сағир”, “Биррул волидайн”, “Зуафоус сағир”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Имом Термизийнинг “Эътиқоди аҳли сунна”, Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснад”, “Сунани Доримий”дан сайланма ҳадислар”, “Муснади Кешийдан дурдоналар”, “Саҳиҳи Бухорий” шарҳи”ни келтириш мумкин.
Мазкур рисолалар билан бирга, Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқчил рисолалар чоп этилди. “Ўнта ҳақиқат” рукни остида уларнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи стендлар тайёрланди.
Илмий ходимлар Имом Доримийнинг “Сунан”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Тафсир” ва “Баҳрул улум”, Абул Баракот Насафийнинг “Тафсир”, Саййид Абдул Можид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари”, Алоуддин Косонийнинг “Эътиқод”, Абу Азабанинг “Равзатул баҳийя фийма байнал ашъария вал мотуридия”, Имом Термизийнинг “Ақидавий қарашлар”, Абул Мунтаҳо Шаҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Мағнисовийнинг “Шарҳуфиқҳил акбар”, Аъло Бухорийнинг “Рисола фил ақоид”, Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхисул адилла ли қавоидит тавҳид” асарларини ўзбек тилига ўгирди. Шу билан бирга, Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснад” асаридан сайланма, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий, Абу Баракот Насафий, Исо Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳонуддин Марғиноний, ЮсуфХос Ҳожиб ваЗаҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва илмий фаолиятига доир рисолалар тайёрлади.
Айни пайтда Марказ тадқиқотчиларининг “Садақа балони қайтаради”, “Аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра Аллоҳ ломакондир”, “Жамиятдаги иллатлар ва уларнинг ечимлари”, “Мутаассиблик ва динда чуқур кетишнинг хатарлари” каби рисолалари босмадан чиқиш арафасида. “Муслимнинг ахлоқи” ва “Гўзал хулқ” рисолалари нашрга тайёрлаб қўйилган.
Булардан ташқари, марказ илмий ходимлари томонидан “Ҳадис маърифати” рукни ва “Буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик!” рукнида 128 та видеодарс тайёрланди.
Булар, албатта, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига доир қисқача маълумотлардир. Ўзбекистондаги бошқа турдош муассасалар фаолияти ҳам таҳлил қилинса, мамлакатимиз “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиоридан ҳеч ҳам оғишмасдан дадил олға бораётгани янада яққол намоён бўлади.
“Дўст ачитиб гапиради” деганларидек, шонли сана муносабати билан айрим муаммолар кўтарилганига ажабланманг. Такрор ва такрор айтишдан толмаслик керак: Истиқлолнинг узвий бўғимларидан яна бири маънавий мустақилликдир. Маънавий мустақилликка эса маърифат, эзгулик, тинчликпарвалик, бағрикенглик каби қадриятлар орқали эришилади. Байрам баҳона мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг бир қисмига тўхталишдан кўзланган мақсад ҳам шу фикрни изҳор этишдан иборат эди.
Байрам барчамизга муборак бўлсин!
Мустақилллигимиз абадий ва мустаҳкам бўлсин, азиз юртдошлар!
Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадиқот маркази илмий ходими