Мутолаа: Дунёдаги энг қисқа ҳикоялар

«New Time» журнали муҳаррири Стив Мосс танлов ўтказишга қарор қилди, унда иштирокчилардан 55 сўздан иборат ҳикоя ёзиш таклиф қилинди. Ҳикоя матнида яхши ишланган изчил сюжет, мураккаб персонажлар ва ғайриоддий ечим сақланиб қолиниши керак эди. Танлов натижалари "Дунёдаги энг қисқа ҳикоялар" деб номланган бутун тўпламни нашрдан чиқариш мумкинлигини кўрсатди.

* * *

Алан Е. Майер «Омадсизлик»

Бутун вужудимдаги қаттиқ оғриқдан уйғониб кетдим. Кўзимни очиб, каравотим ёнида турган ҳамширани кўрдим.

- Жаноб Фужима, - деди у, - омадли инсон экансиз. Икки кун олдин Хиросимадаги бомбардимондан омон қолдингиз. Хавотир олманг, ҳозир касалхонадасиз, энди ҳеч қандай хавф йўқ.

Бироз жонланиб ожизлик билан сўрадим:

- Мен қаердаман ўзи?

- Нагасакида, - деб жавоб берди у.

* * *

Жейн Орвис “Дераза”

Рита шафқатсизларча ўлдирилганидан буён Картер дераза қаршисида ўтиради. Ҳеч қанақа телевизор, мутолаа ёки ёзишмалар йўқ. Биров егулик олиб келадими ёки ҳисоб-китоблар бўйича ҳақ тўлайдими, энди унга барибир, у хонадан чиқмайди. Унинг борлиғи – дераза ортидаги югуриб ўтаётган спортчилар, фасллар алмашинуви, ўтиб кетаётган машиналар ва Ританинг арвоҳи.

Картер намат урилган палаталарнинг деразаси йўқлигига тушуниб етмас эди.

* * *

Роберт Томпкинс “Ҳақиқатни излаб...”

Ниҳоят, бу олис, чекка қишлоқда унинг қидирувлари ниҳоясига етди. Ҳақиқат бир хароба кулбада, олов ёнида ўтирарди. У ҳеч қачон шу даража қартайиб қолган, хунук аёлни кўрмаган эди.

- Ростдан ҳам сиз Ҳақиқатмисиз?

Юзлари ажинлардан бурушиб қолган қари кампир тантанали равишда бош ирғади.

— Энди мен оламга нима дейман? Одамларга сизни қандай тавсифлайман?

Кампир оловга тупурди ва жавоб берди:

— Уларга мени ёш ва гўзал деб айт!

* * *

Николь Веддл “Учрашув”

Телефон жиринглади.

- Салом, - деди у. - Виктория, бу менман. Ярим тунда қирғоқда учрашамиз.

- Яхши, азизим.

- Илтимос, ўзинг билан бир шиша шампан олиб келишни унутма, - деди у.

- Унутмайман, азизим. Бугун кечқурун бирга бўлишимизни хоҳлайман.

- Шошилгин, сени жуда соғиндим! - деди у ва гўшакни қўйди.

У хўрсинди, кейин жилмайиб қўйди.

- Ҳайронман, бу ким бўлди экан.

* * *

Эндрю Э. Хант “Шукроналик”

Хайрия жамғармасидан совға қилинган жун кўрпа елкаларини бемалол оғушига олар, бугун ахлатхонадан топиб олган этиклари эса оёғини умуман қисмасди.

Совуқ зулматдан кейин кўча чироқлар унинг қалбини ёқимли иситарди...

Паркдаги скамейканинг эгри чизиғи унинг чарчаган қари белига жуда таниш туюлди.

“Худойим, ўзингга шукур, -  ўйлади у,- ҳаёт қандай ажойиб!”

* * *

Рон Баст “Олий маълумот”

- Университетда биз ўтириб-ўтириб кетардик, - деди Женнингс ифлос қўлларини юва туриб. - Бюджетни қисқартиргандан кейин нима ҳам бўларди, кўп нарса ўргатилмайди, шунчаки баҳо қўйилади ва ҳаммаси ўз навбати билан кетаверади.

- Бўлмаса, қандай қилиб ўқигансиз?

- Биз ўқимасдик ахир, буни қандай ишлаётганимдан билиб олишингиз мумкин.

Ҳамшира эшикни очди.

- Доктор Женнингс, сизни операция хонасида кутишяпти.

* * *

Хоуп Эй Торрес “Боғда”

У боғда турган эди, унинг ўзи томон югуриб келаётганини кўриб қолди.

- Тина! Гулим! Бутун ҳаётим муҳаббати!

У ниҳоят бу сўзларни  айтди.

- О, Том!

- Тина, менинг гулим!

Оҳ, Том, мен ҳам сени яхши кўраман!

Том яқинлашди, тиз чўкди ва тезда Тинани четга суриб қўйди.

- Менинг гулим! Тина, сен менинг севимли гулимни босиб қўйдинг!

Б.Муҳаммадиева таржимаси.