Мутолаа: «Нексия»нинг илдизи.(Ҳажвия)

Саъдулла Сиёев

Тўйчиевни бир идорага чақирдилар. У саҳар туриб йўлга тушди. Бу идорага кириш ҳам қийин экан. Эшикда бир қоровул, чархпалакдек айланма тўсиқдан ўтсанг, яна бир қоровул. Тўйчиев қўлидаги чақириқ қоғозини пеш қилиб аранг ичкарига ўтиб олди.

Ваҳимали хонада жиккаккина, олакўз йигит ўтирган экан. Тўйчиев уни таниди, лекин ўзини танимаганга олди.

— Яхшимисиз, ука. Чақиртирган экансиз, келдик.

Олакўз столдан бошини кўтармай тўнғиллади:

— Ҳм, чақирмасак келмайсизми? Бойлик орттириш деганда дўппингизни тишлаб югурасиз, солиқ тўлашга келганда думингизни тутқазмайсиз! Шунақами?

— Унчалик эмас, — деди Тўйчиев, — биз ҳамма солиқларни ўз вақтида тўлаб турибмиз.

— Фамилиянгиз?

— Тўйчиев. Саттор Тўйчиев.

— Ҳозир кўрамиз-да, — деди жиккак йигит ва ёнбошидан қалин дафтар олиб титкилай бошлади, — Тоймасов, Турдиев… Ҳа, мана, Тўйчиев Саттор. Ие, машинангиз бор экан-ку? «Нексия»! Суперсалон! Қуллуқ бўлсин…

Тўйчиев айбдор кишидек хижолат бўлди:

— Раҳмат. Ҳа энди бир кўнгил кетган эди-да…

— Мен сизга машина қуллуқ бўлсин, деяётганим йўқ, солиқдан қочиб юрганингиз қуллуқ бўлсин, деяпман!

— Қочиб юрганим йўқ, — деди Тўйчиев, — уни эндигина олдим.

Йигит иягини кўтариб чимирилди:

— Айтмоқчи, ўша «Нексия»ни қайси пулга олгансиз, билсак бўладими? Декларациянгиз борми?

— Эскироқ бир «Москвич»им бор эди, уни сотдим, кейин қайнимдан, укамдан қарз олдим.

— Хўш, «Москвич»ни-чи, уни ҳам қарзга олувдингизми?

— Йўқ. Аввал «Запорож»им бор эди. Сотдим. Ойликдан бир сиқим-бир сиқим орттириб…

Олакўз йигит товушини кўтарди:

— Ҳов, амаки! «Запорож» осмондан тушмайди. Уни ҳам пулга берадилар. Ўзингиз анчайин бир ўқитувчи экансиз. Ойликдан орттириб машина олдим деганингизга қайси аҳмоқ ишонади? Тўғрисини айтаверинг!

— Ундан олдин велосипедим бор эди…

Олакўз энди ошкора калака қилишга ўтди:

— Велосипедни ҳам, ҳойнаҳой, қарзга олганман, дерсиз?

— Йўқ, — деди Тўйчиев, уни менга сизнинг отангиз совға қилган эди. Олакўз йигит оғзини қийшайтириб ажабланди:

— Нега энди менинг отам сизга велосипед совға қилар экан? Нима, сиз етти туғиб бир қолганимисиз?

— Отангиз мендан қарз эди. Эсингизда бўлса, сиз институтга киролмай ўмбалоқ ошдингиз. Кейин дадангиз олдимга йиғлаб келди. «Жон Тўйчиев, институтда танишларинг бор экан, бизнинг ўғилчага ёрдам беривор, яхшилигингни унутмайман», деди. Бир амаллаб сизни институтга жойладик. Эвазига велосипедлик бўлиб қолдим.

Жиккак амалдор севиниб кетди.

— Ана-а… Масала равшан. Демак, сиз бир ҳалол, меҳнаткаш одамдан пора олгансиз! Мана «Нексия»нинг илдизи қаёқда экан! Мен бу ишни шундайлигича қолдиролмайман. Ҳали гувоҳларни чақириб гаплашамиз.

Тўйчиев эшикка қараб юрди.

— Отангизни ҳам чақириш эсингиздан чиқмасин, — деди аста. Олакўз жазаваси тутиб бақирди:

— Керак бўлса чақиртирамиз ҳам!

Тўйчиев индамай чиқиб кетди. У билади, Олакўз икки дунёда ҳам отасини чақиролмайди. Чунки унинг отаси ўлган эди.