Мутолаа: Видолашув хати.

Габриэль Гарсиа Маркес

Оғир саратон касаллигига чалинган колумбиялик буюк ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркес умрининг охирида ўқувчиларга ушбу хайрлашиш мактубини қолдирган.

"Агар Парвардигор бир лаҳзага латтадан қилинган қўғирчоқ эканлигимни унутиб, менга озгина ҳаёт инъом этганда эди, эҳтимол мен хаёлимга келган ҳамма фикрни баён қилмаган бўлардим; мен нима деяётганим ҳақида кўпроқ ўйлаган бўлардим.

Мен буюмларни уларнинг қиймати учун эмас, балки аҳамияти учун қадрлаган  бўлардим.

Ёпиқ кўзлар билан ўтказган ҳар бир дақиқам олтмиш сония ёруғликдан маҳрум бўлиш эканлигини идрок қилиб, кам ухлаб, кўпроқ орзу қилардим.

Бошқалар эринса-да, мен юрардим, бошқалар ухлаганда уйғоқ бўлардим, улар гапирганда тинглар эдим.

Шоколадли музқаймоқдан роҳатланишимни билганингизда эди.

Агар Роббим менга озгина умр берса, оддийгина кийинардим, қуёшнинг биринчи нурлари билан уйғониб, нафақат танамни, балки руҳимни ҳам яйратардим.

Худойим, агар озгина вақтим бўлса, нафратимни музга кишанлаб, қуёш пайдо бўлишини кутар эдим. Мен Ван Гог сингари юлдузлар ҳузурида расм чизиб, Бенедеттининг шеърларини ўқиб орзуга берилардим ва Серра қўшиғи менинг Ой нуридаги серенадам бўлар эди.

Тиканлари азоби ва гулбаргларининг алвон ўпичини татиб кўриш учун атиргулларни кўз ёшларим билан сийпаб ўтардим.

Худойим, агар яна жиндаккина умрим бўлганда эди... Мен яқинларимга уларни севаман деб айтмаслик учун бир кунни ҳам ўтказиб юбормасдим. Мен ҳар бир аёлни ва ҳар бир эркакни уларни севишимга ишонтирар эдим, муҳаббат оғушида севиб яшаган бўлардим.

Кексайганда севишни тўхтатишади деб ўйлаган одамларга уларнинг қанчалик ноҳақ эканликларини исботлаган бўлардим: аксинча, улар севишда тўхтагани учун қаришади.

Болага қанот бериб, ўзим унга учишни ўргатган бўлардим.

Кексаларга ўлим қариликдан эмас, балки бепарволикдан келиб чиқишини уқтирган бўлардим.

Ахир мен ҳам кўп нарсани сиздан ўргандим, одамлар.

Чинакам бахт уни ерда кутаётганини била туриб, ҳар бир киши тоғ чўққисида яшашни хоҳлашини тушуниб олдим.

Инсон бошқа кишига фақат оёққа туришга ёрдам бериш учун унга юқоридан пастга қарашга ҳақи борлигини тушундим.

Мен сиздан жуда кўп нарсаларни ўргандим, одамлар, ростини айтсам, бундан энди фойда йўқ, чунки сандиқларимни тўлдириб, мен бу дунёни тарк этяпман". 

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.