Мьянмада ҳарбий бошқарувга қарши чиққан намойишчилар ўқ узиб тарқатилди

Таъкидланишича, 14 февраль куни намойишларда хавфсизлик кучлари Мьичина шаҳрида намойишчиларга қарата ўқ узди. Twitterда тарқатилган видеода отишма, саросимада қочаётган одамлар акс этган. Яраланганлар ёки ҳарбийлар ишлатган ўқ - резина ёки жанговар эканлиги ҳозирча маълум эмас.

Бундан ташқари, мамлакатнинг йирик шаҳарларига танклар ва бошқа оғир ҳарбий техникалар киритилди. Мьянмадаги интернет тун давомида ишламади.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Мьянмада давлат тўнтариши содир бўлди. Ҳарбийлар ҳукмрон «Демократия учун миллий лига» партияси қатъий ғалабага эришган кузги сайлов натижаларига норози бўлишди. Улар ҳукумат тарқатилишини эълон қилиб, Мьянма президенти Вин Мьин ҳамда партия раҳбари, давлат маслаҳатчиси ва ташқи ишлар вазири Аун Сан Су Чжини ҳибсга олишди.

Мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилди. У тугагач, армия мамлакатда янги ҳукумат тайинловчи сайлов ўтказишга ваъда берди. Бу орада бутун ҳукумат мамлакат қуролли кучларининг бош қўмондони Мин Аун Хлаин қўлига ўтди.