Набирам билан дарс қилдим... Ёхуд "Алифбо" ҳақида мулоҳазалар
Оила десам, бири тану
Бири жондек кўринар.
Мўъжазгина мустаҳкам
Бир ватандек кўринар.
Оила - отам, оила - онам,
Оила - укам кўзлари.
Оила – cинглим, оила – бобом,
Бувижоним сўзлари.
Мен улардан ўзимни
Тасаввур этмам айро.
Оила кичик ватаним,
Мен жилғаман, у – дарё.
Бу - биринчи синфга бориб, 4 кун дарсга қатнашган ўқувчи болага ёдлаш учун берилган шеър матни. Муаллиф Заҳро Ҳасанова.
Зиёли, журналист бўлганим учун уни қувваи ҳофизам даражасида таҳлил қилишга уриндим.
Оила десам бири тану
Бири жондек кўринар...
Аввало… "оила десам" иборасидан сўнг вергул йўқ. Бу ерда муаллиф-шоир “бири тан” ва “бири жон” деганда нимани назарда тутяпти? Тан ва жоннинг нималигини, бир-бирига қандай боғлиқлигини, инсон ҳаётидаги аҳамиятини эндигина мактабга борган болакай тушунадими?
Оила - отам, оила - онам,
Оила - укам кўзлари.
Оила – cинглим, оила – бобом,
Бувижоним сўзлари.
“Кўзлари” ва “сўзлари” қофия учун келтирилганга ўхшади. Охирги сатрда битта бўғин кам.
Мен улардан ўзимни
Тасаввур этмам айро.
Тўғри. Шеъриятда матн оддий сўзлашув тилига нисбатан мураккаброқ: эга-кесим ва бошқа гап бўлаклари ўрни алмашиб келиши мумкин. Зукко ва нисбатан тажрибали ўқувчи гапнинг мағзини топиб олади. Лекин буни 4 кунлик ўқувчи ҳазм қила олармикан? Айниқса, “тасаввур этмам айро” деган мисрани…
Оила кичик ватандир
Мен жилғаман, у – дарё.
Камина “айро” деган сўз шеърда нега ишлатилганини тушунмай тургандим, кейин англадим - “дарё” сўзига қофия учун экан. Ёки аксинча.
Набирам “жилға” нималигини тушунмади, кичик ариқча, дедим. Дарёни тушунтирганимдан кейин озроқ тасаввур ҳосил қилди. Иккаласининг боғлиқлигини, айниқса, оилага нима даҳли борлигини барибир ҳазм қилолмади.
Эҳтимол, география фани ўқилгач, тушуниб олар. Ушбу шеърни баҳолашдан йироқман, у кимнингдир ижод маҳсули. Лекин “Алифбе”нинг биринчи саҳифаларига жойлаштириш тўғрими? Мактабга илк қадам қўйган ўқувчига оғирлик қилмайдими?
Ушбу хулосалар бировдан эшитиб эмас, набирам билан бирга дарс қилиш жараёнида юзага келди. Бошланғич синфда Она ва Ватан тушунчасини оддий, содда, меҳр-муҳаббат билан тушунтирадиган шеърларни ёдлаганмиз ва ҳалигача мазза қилиб айтамиз:
Менинг икки онам бор,
Иккиси ҳам меҳрибон...
Менимча, қолганини юзлаб, минглаб одамлар айта олади. Чунки унинг сўзлари тушунарли, маъниси равшан.
Садриддин НАБИЕВ.