Наманганда заҳарланган болалар иши бўйича Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берди
Наманган вилоятининг Чуст туманида бир қатор мактабгача таълим ташкилотларининг жами 71 нафар тарбияланувчиси заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура қуйидагича баёнот берди:
“Чуст туманида вояга етмаган болалар заҳарланиши юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текшириш давомида вояга етмаган болаларнинг заҳарланиши сабаблари аниқланади ва бу ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.
Вояга етмаган болалар нимадан заҳарланганлиги ҳали номаълум бўлганлиги сабабли жамоатчиликдан нотўғри ва турли тахминларга асосланган хабарларни тарқатмасликларни сўраб қоламиз. Текшириш жараёни назоратга олинган”, дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан расмий маълумот эълон қилди:
“Наманган вилоятининг Чуст туманида мактабгача таълим ташкилотидаги болалар билан содир бўлган заҳарланиш ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча керакли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда.
Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда.
Айни пайтда болаларнинг ҳолати қониқарли, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди.
Туманда содир бўлган ушбу ҳолат шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қатъий назоратга олинган. Мазкур ҳолат сабабларига ойдинлик киритилгач, қўшимча ахборот берилади”, дейилади вазирлик хабарида.