Наманганлик Феруза Ҳошимова: "Янги йилни Самарқандда кутдик, уч кундан буён шу табаррук шаҳардамиз"

Юртимизда бўладиган байрамлар муносабати билан белгиланган дам олиш кунларидан одамлар яхши фойдаланишни одат қилишяпти. Чунки шу кунлари Ўзбекистон бўйича ички туризм учун бир қатор чегирмалар ҳам жорий этилади.

- Оиламиз билан Самарқанд шаҳрига келишни кўпдан буён ният қилиб юрардик, - дейди Наманган вилояти Поп туманида яшовчи Феруза Ҳошимова. - Лекин оилавий ташвишлар, рўзғор ишлари, қолаверса, ўзим Фарғона шаҳридаги Марказий Осиё тиббиёт университети (Central Asian Medical University)да ўқиганим сабабли кўпроқ дарсда бўлганим боис Самарқандга келолмаётгандик. Онам ва турмуш ўртоғимга тўрт кунлик дам олиш куни, менга ва фарзандларимга 10 январгача таътил бўлганидан фойдаланиб, 31 декабрь куни Самарқанд шаҳрига келдик ва "Сангзор" меҳмонхонасига жойлашдик.

Янги йилни шу ерда кутиб олдик. Меҳмонхонанинг 20 фоизлик чегирмасидан фойдаландик. Уч кундан буён шу ердамиз - Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мақбара-мажмуаси, Шоҳи Зинда зиёратгоҳи ва Улуғбек расадхонасида бўлдик.

– Самарқанд шаҳри бошқа шаҳарларга қараганда бизга яқин, шунинг учун ҳар йили кўп кунлик дам олиш кунларида келамиз, – дейди Навоий шаҳрида яшовчи Жасурбек Эшонқулов. – Лекин ҳар гал Самарқандда нимадир янги иншоот қурилганига гувоҳ бўламиз. Бу йил халқ тилида "республиканский больница" дейиладиган кўчалар чорраҳасида қурилган туннелни кўриб, ҳайратландик. Шу йўлдан аввал Ҳазрати Хизр мажмуаси, Шоҳи Зинда ва "Боқий шаҳар" халқаро туризм марказига бордик. Самарқанд сити, деб аталадиган "Боқий шаҳар"ни телевизорда кўриб, бу ерга келишни ҳавас қилардик. Дадам, онам, оилам, фарзандларим билан маза қилиб томоша қилдик, дам олдик, зиёрат қилдик. Қишда, Янги йилда қор бўлсин, деймиз-у аммо шу кунлардаги об-ҳаво саёҳат ва зиёрат учун жуда қулай бўлди.