Нақдсиз тўловлар кўпайди. Пластик карта фирибгарларидан эҳтиёт бўлинг!

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси Республика махсус комиссияси қарорига кўра, коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида пенсия ва ижтимоий нафақаларни тўлашда тўлиқ пластик картага тушириб бериш йўли билан амалга оширилиши пенсионерлар ҳамда ногиронларнинг пластик карталардан фойдаланиш ҳақида етарлича ахборотга эга бўлмагани туфайли интернетда жиноятчиларнинг фирибгарлик схемаларига алданиб қолишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Хабарга кўра, хориж мамлакатларида фирибгарлар банк номидан қўнғироқ қилиб, кам таъминланган оилалар учун хайрия акцияси ўтказилаётгани ҳақидаги ёлғон ахборот билан фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни ўзлаштириб, карта рақами ва унинг амал қилиш муддати ҳақида сўраш ҳолатлари кузатилмоқда. Улар SMS хабар орқали келган шахсий кодни билиб олиб, кейинчалик электрон ҳисоб рақамидаги пулларни ўғирлаши мумкинлиги айтилмоқда.

Инспекция ахборот хизматининг қайд этишича, аҳолининг электрон маблағларни бошқаришни у қадар яхши ўзлаштирмаган қатлами жиноятчилар томонидан алданиб қолишининг эҳтимоли юқори. Ижтимоий хизматлар номидан сўров юбориб, карантин вақтида картага махсус ёрдам пули тушириб беришни ваъда қилувчи фирибгарлар одамларнинг пулларини ўзлаштириши мумкин.

Фирибгарларнинг бу каби ёлғон SMS хабарларига алданмаслик, шахсий маълумотларни ва муҳим ахборотларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик, бегона одамларга бермаслик тавсия қилинган.