Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпай туманида “айлант” дарахтини ноқонуний кесган шахс 15 миллион сўмдан зиёд жаримага тортилди

Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятлари биохилмахиллигини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси давлат инспектори, Нарпай тумани “Дедан” маҳалласи раиси ва холислар иштирокида тузилган далолатномага кўра, табиий ҳолда ўсган диаметри 12,1-16 сантиметр бўлган 30 туп ҳамда диаметри 28,1-32 сантиметрли 21 туп “айлант” дарахтлари Б.Г томонидан ноқонуний кесилганлиги аниқланган.

Шу боис Б.Г. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топилиб, жавобгарликка тортилган.

Маълум бўлишича, Б.Г. Нарпай тумани ҳокимининг қуриб бораётган, қишлоқ хўжалиги экинларига соя солиб, уларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган дарахтларни кесишга розилигини олади. Бироқ бу ҳолат тегишли органлардан рухсатсиз, яъни ўзбошимчалик билан дарахтларни кесишга асос бўлолмайди.

Ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳақида тегишли мутахассис хулосаларини инобатга олган ҳолда Б.Г.дан 15 миллион 139 минг 896 сўм ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Кассация инстанция суди томонидан дастлабки интанция суди асосли ва тўғри хулосага келган деб топилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Х.АКОБИРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг катта мутахассиси.