Нарпай “Умид”ининг орзу-умидлари “катта”лардан

Нарпай туманида 57 маҳалла мавжуд бўлиб, бор-йўғи 2 таси, яъни “Ҳақиқат” ва “Мушкент” маҳалла фуқаролар йиғинлари ижарада фаолият олиб боради. Бу ҳақда туман ҳокимлигидан олинган маълумотномадан билиб олдик.

“Умид” ижарада турадиганларнинг учинчисими?

Туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган “Умид” маҳалласида 3 та қишлоқ бор. Ҳудуддаги битта мактаб ва бир боғчанинг бинолари замонавий. Маҳалла фуқаролар йиғини эса ўз биносига эга эмас, тадбиркорга тегишли пастқам, кўримсиз бинода ижарада туради. Ҳайрон қолдик, ахир туман ҳокимлигидан олинган маълумотда бу ҳақида ёзилмаган эди-ку!?

- Ҳудудимиздаги камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилмоқда, - дейди маҳалла раиси Анвар Шарипов. – Бугунги кунда 23 та ички кўчаларимиздан 2 таси тупроқ йўл. Тан олиш керак, аҳолини тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб турибди. Сувни ташиб келиб ичишади. Яқинда туман ҳокими бошчилигида ишчи гуруҳ келиб, муаммоларни ўрганди. Уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Тўғри, ҳозирда маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ўз биносига эга эмас, аммо Мустақиллик байрамигача тадбиркорлар кўмагида, ҳашар йўли билан замонавий бино қурилиши режалаштирилган.

Олти ўғилда етти муаммога ечим топиляпти

“Умид” маҳалласининг Олти ўғил қишлоғида тадбиркорлар томонидан замонавий бинолар, иссиқхоналар қурилиши натижасида маҳалла аҳолисининг бир қанча муаммоларига ечим топиляпти.

- Келгусида бу қишлоқ маҳалламиз марказига айланади, - дейди оқсоқол А.Шарипов. – Бугунги кунда ҳудудда сартарошхона, гўзаллик салони, этикдўзлик устахонаси, ҳаммом, савдо ва ўқув марказлари учун бинолар қурилиши якунига етказилмоқда. Бунинг натижасида 50 нафарга яқин ишсиз фуқаро бандлиги таъминланади. Фуқаролар йиғини учун қуриладиган замонавий бино ҳам айнан шу ҳудудда жойлашади.

Маҳалла раиси билан қишлоқдаги қурилиш ишларини кўздан кечираётганимизда йўлдан мотокультиватор етаклаб бир йигит ўтиб қолди.

- Ишсизлигим сабабли “Ёшлар дафтари”да рўйхатга олишганди, - дейди у. – Орадан кўп ўтмай маҳалла фаоллари чақириб, мотокультиватор харид қилишни таклиф қилди. Бу техника пулининг ярми субсидия, ярми эса имтиёзли кредит ҳисобига берилиши мен учун катта имконият бўлди. Ҳовлимиздаги мавжуд 7 сотих томорқада ишлашда қўл келяпти. Қолаверса, қўни-қўшниларимизнинг ерларини ҳам ҳайдаб беряпман.

Қаровсиз, ташландиқ ер майдонида  ишлар бошланди

Маҳалланинг яна бир қишлоғи Яримтепада қарийб 2 гектар ер шу пайтга қадар қаровсиз, ташландиқ бўлиб ётарди. Фойдаланилмай келинган бу ер майдони корпоратив ташкил қилган икки тадбиркорга бўлиб берилгач, тош ва чиқиндилардан тозаланди. Текисланиб иссиқхоналар барпо этилди. Бугун бу ерда маҳаллада яшовчи, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган ишсиз хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.

- Ишсизлигим туфайли “Аёллар дафтари”да рўйхатга олингандим, - дейди Наргиза Алқарова. – Иссиқхона қурилиб, бизни бу ерга ишга таклиф қилишди. Ҳар биримизга икки сотихдан ер ажратиб берилди. Бир кунда 3-4 соат ишлаймиз. Рўзғор ишларигаям бемалол улгурамиз.

- Ўн йилдан бери ишсизлик муаммосидан  қийналардим,  - дейди “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи Олмахон Алқарова. – Мана энди ишли бўлдим, иссиқхонада экин парваришлашни ўрганяпмиз. 1 миллион сўмга яқин ойлик оляпмиз. Тадбиркор Анвар Эрбобоев таъкидлашича, ҳосил яхши бўлса маошимиз яна ошириларкан. Қолаверса, у ўз ҳисобидан ҳар биримизга ҳовлимиздан иссиқхона қуриб беришини айтди.

***

Нарпай туманининг бу чекка ҳудудида бўлиб, кўпгина ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Аммо маҳалла фуқаролар йиғини биносини бунёд этиш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви муаммосини бартараф этиш муҳим эканлигига ҳам амин бўлдик. Шу масалаларда “умид”ликларнинг “катта”лардан умиди катта.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов (фото).