Нарпайда пахта йиғим-теримига киришилди

Нарпай  иқлими иссиқ, пахта етиштиришга ихтисослашган туманлардан бири саналади. Туманда ер билан тиллашадиган, ўз касбининг моҳир усталари меҳнат қилишади. Жорий йилда юзага келган сув тақчиллиги, об-ҳаво инжиқликларига қарамасдан, туман пахта далаларида мўл ҳосил етиштирилди.

Жорий йилда "Мароқанд Сифат" МЧЖ кластер корхонаси ва 234 та фермер хўжаликлари томонидан 10 минг 762 гектар ер майдонига иқлим шароитига мос, эртапишар навлар экилиб, қабул масканларига 37 минг 265 тонна пахта хом ашёси етказиб бериш мақсадида ғўза парваришида агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилди.

Туманнинг “Оқ олтин” ММТП ҳудудида жойлашган “Янги қишлоқ” фермер хўжалиги даласида пахта йиғим терими бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги вакиллари, нуроний отахонлар, агроинспекциянинг туман бўлими ва ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирок этган йиғинда деҳқончиликка қут-барака тиланди.

Фермер хўжалиги аъзолари ва аҳолининг уюшмаган қатламидан иборат терим отрядлари аъзолари етиштирилган пахта хом ашёсини йиғиштириб олишга киришди.

Жорий йилда туманда пахта ҳосилини йиғиштириб олиш учун  6 дона пахта териш машиналаридан унумли фойдаланиш режалаштирилган.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.