Нарпайлик фермер аёл киприкларини қиров босгани ҳақида Президентга гапириб берди

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ходими бўлиш ҳар қандай аёлнинг ҳам қўлидан келавермайди. Нарпайлик Зайнаб Ҳайдарова иш фаолиятини ҳамшираликдан бошлаган. Олий таълим муассасасида педагогика йўналишида таълим олиб, болалар боғчасида мудира вазифасида ишлади. Кейинчалик қишлоқ хўжалиги институтида ҳам таҳсил олди. 1984 йилдан бошлаб 20 йилдан зиёд вақт давомида тумандаги “Зарафшон” жамоа хўжалигида бригада бошлиғи бўлиб фаолият кўрсатди. 2006 йилдан бери фермерлик билан шуғулланиб келяпти.

Киприкларимизни қиров босиб, уч ойлаб пахта терганмиз

Зайнаб опа аёл боши билан 40 йилдан бери ҳам рўзғор ташвишлари, ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳар қандай қийинчиликларга бардош бериб меҳнат қилиб келяпти. У деҳқончиликка меҳр қўйгани боис ёзнинг жазирамасида ҳам, қор-қировли кунларда ҳам пахта далаларини тарк этмаганини эсга олиб, бугунги кунда яратилаётган шароитларга шукр қилади.

- Собиқ иттифоқ даврида уч ойлаб пахта терардик, - дейди у. – Ноябрь ойининг охириларида ҳам ярим тунгача, баъзан тонггача кўракларни варақадан чиқариб пахта қабул қилиш пунктига топширгунимизча қош-киприкларимни қиров босарди. Пахта пуллари қаерга кетарди билмасдик. Арзимаган ойликка ишлаб юрардик. Пахтани парваришлаш жараёнлари ҳам қийин эди. Кеча-ю кундуз сувчилар билан бирга далада юрардик. Энди эса азоб-уқубатлар ортда қолди. Етиштирган пахтамизни бир ой ичида йиғиштириб оляпмиз. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, фермер хўжаликлари, кейинги йилларда эса кластерлар ташкил қилиниб, катта имкониятлар ва қулайликлар яратилди.

Пахта далаларини уйда ўтириб суғоряпмиз

Кейинги йилларда фермерларга яратилаётган имкониятлар билан бир қаторда юзага келаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Аммо бу маслалар ҳам босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда. Масалан, Зайнаб Ҳайдарова раҳбарлик қилаётган “Меҳнат - роҳат” фермер хўжалигидаги ер майдонларида сув танқислиги олинадиган ҳосилга ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

- Бу йил об-ҳавонинг иссиқ келиши ва сув танқислиги кўракларнинг  куйишига сабаб бўлди, - дейди З.Ҳайдарова. – Аммо вазиятдан чиқиб кетиш, кўзланган ҳосилни олиш мақсадида 20 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйдик. Бу жуда қулай ва фойдали усул экан. Сув, ўғит, ёқилғи, ишчи кучи ҳамда вақт тежалади. Асосийси, уйда ўтириб, қўлимиздаги телефон орқали пахта даласини суғоришимиз мумкинлиги шу пайтгача етти ухлаб тушимизга кирмаганди.

Ғафлатда қолганларни уйғотиш керак

Бугунги кунда аҳоли орасида тўрт мучаси соғ бўлса-да ишламасдан, маҳалла ёки ҳокимликка моддий ёрдам сўраб борувчи боқиманда кишилар кўпчиликни ташкил этади. Зайнаб опа депутат сифатида маҳаллалардаги ана шундай ишсизларга ўз маслаҳатларини бериб, камгина ердан мўмайгина даромад олиш сирларини ўргатяпти.

- Аксарият ишсиз аёллар ва ёшларимиз  ғафлатда қолган, - дейди фермер. – Уларни уйғотиш, меҳнатга ўргатиш учун қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман. Шу йил маҳалламиздаги 20 нафар ишсиз ёшга фермер хўжалигимдан 8 гектар ер майдонини бўлиб бердим. Бу ердан қандай унумли фойдаланиш кераклиги ҳақида маслаҳатларимни ҳам аямаяпман. Ҳар бири ўзларига ажратилган ерда меҳнат қилиб, биринчи экиндан 20 миллион сўмгача даромад қилди. Иккинчи экин, кейинчалик тўқсонбости экинлардан ҳам мўмайгина даромад олиш мумкин.

38 йилда 4 та мукофот

Сабр, матонат, шижоат, келажакка бўлган ишонч Зайнаб опани бир зум тарк этмади. Минг бир қийинчиликларни енгиб ўтди. Меҳнат қилиб, роҳатини ҳам кўрмоқда. Ҳа, фермер хўжалигининг “Меҳнат-роҳат” деб номлаганлиги бежизга эмаслигини ҳам исботлади.

- Қишлоқ хўжалиги соҳасида 14 йил ишлаб, Мустақиллигимизнинг 7 йиллик байрами арафасида илк бор давлат мукофоти - “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлдим, - дейди қаҳрамонимиз. – 2014 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. 2017 йилда илк бор декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни деб эълон қилинди. Ва шу байрамда Президентимиз менга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” унвонини топширди. Бундай эътибор мени руҳлантирди. Ҳозир ёшим етмишда. Энди ишламайман, дам оламан, деб турган пайтимда Президентимиз яна бир юксак мукофот -  “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлади. Бу менинг кучимга куч-ғайратимга ғайрат қўшди ва умрининг охиригача шу юрт равнақига ҳисса қўшиш учун меҳнат қилишга аҳд қилдим.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.