Нарпайликларни нима қийнаяпти?
Одатда одамлар бирон муаммоси бўлса Ўзбекистон Республикаси Президентининг шаҳар ёки туман халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Негаки, ҳудуд раҳбарлари асосан шу муассасада аҳолини қабул қилишга одатланмоқда.
Нарпай туманидаги халқ қабулхонасида 2021 йил январь-февраль ойлари давомида 8 марта қабул ўтказилган. Маълум қилишларича, ушбу қабуллар давомида 645 тадан ортиқ мурожаат рўйхатга олинган.
Мурожаатларнинг 214 таси қаноатлантирилган бўлса, 258 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган. 166 та мурожаат тегишли ташкилотлар томонидан қабул қилинган ва ўрганиб чиқилмоқда. Шунингдек, 7 та мурожаат рад қилинган.
Умуман, Нарпай туманидаги халқ қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даврида 256 та жисмоний ва юридик шахслар 272 та масала юзасидан мурожаат қилган.
Ушбу мурожаатлардан 220 таси виртуал қабулхона электрон дастури орқали тумандаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, туман миқёсида ҳал қилишнинг имкони бўлмаган 52 та мурожаат вилоят халқ қабулхонаси орқали юқори турувчи давлат органларига юборилган.
Ўтган давр мобайнида 224 та ёки 82,1 фоиз мурожаатга жавоб берилган ёки жойида ижро этилган. Ушбу мурожаатлардан 159 таси қаноатлантирилган, 11 тасига тушунтириш берилган, 18 таси ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал этилган. Мурожаатларнинг 5 таси учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилса, 48 та мурожаат кўриб чикилмокда.
Таҳлилларга кўра, энг кўп мурожаат иш билан таъминлаш масаласида - 39 та бўлган.
Кейинги асосий муаммо газ, электр энергияси, сув ва иссиқлик таъминоти ҳамда уй-жой масаласи. Негаки, халқ қабулхонасига 2 ой ичида коммунал соҳага оид 29 та, уй-жой бўйича 21 та мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, қабулхонада пенсия ва нафақа масаласида 23, моддий ёрдам масаласида 18, алимент масаласида 18, банк хизматлари ва кредит масаласида 13, соғлиқни сақлаш масаласида 10, ички ишлар фаолияти бўйича 3 та мурожаат рўйхатга олинган.
Бошқа масалаларда ҳам 90 та ариза ва шикоятлар бўлган.
Қайд этилишича, халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар тегишлилиги бўйича мутасадди корхона ва ташкилотларга юборилиб, ўз вақтида сифатли кўриб чиқилиши ва келтирилган муаммолар ижобий ҳал этилиши юзасидан доимий назорат қилиб борилмоқда.