НКМК ишчи-ходимларини олиб кетаётган автобус ЙТҲга учради. Икки киши вафот этган
Шу йилнинг 5 январь куни соат 06.40 атрофида Навоий вилояти Конимех тумани “Навоий–Зарафшон” трассасининг 61-километрида «Нексия» русумли автомобиль Навоий тоғ-металлургия комбинатининг ишчи-ходимларини олиб кетаётган «Исузу» автобуси билан тўқнашиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчисига айланган 19 нафар фуқародан 10 нафарининг аҳволи яхши бўлганли боис уйига жавоб берилган.
Ушбу автоҳалокат оқибатида икки нафар фуқаро – Томди туманилик 58 ёшли А.М. ва Конимех туманидан М.У. олган тан жароҳатлари сабаб вафот этган. Саккиз нафар фуқаро эса Конимех тумани Зафаробод посёлкасидаги Навоий тоғ-металлургия комбинатига қарашли 5-сонли тиббий санитария қисмига тез тиббий ёрдам бригадаси ёрдамида олиб келинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур тиббий санитария қисмига Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиалидан малакали нейрохирург ва травматолог мутахассислар Санитар авиация орқали жўнатилган.
Жароҳатланганлар Томди туманидан 18 ёшли А.А., 46 ёшли А.Н. ва 20 ёшли А.К., Конимех туманидан 14 ёшли А.Ж., 41 ёшли А.Ж. ва 56 ёшли Б.К., Зафаробод посёлкасидан 20 ёшли Н.С. ҳамда 27 ёшли С.Ш.лар зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. Улардан биттасининг аҳволи оғир, учтасининг аҳволи эса ўртача оғирликда, қолган тўрт нафарининг аҳволи қониқарли даражада.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, айни пайтда уларнинг аҳволи малакали шифокорлар назоратида бўлиб, стандартлар асосида тиббий ёрдам кўрсатилмокда.