Нега айрим тадбиркорлар инсофсиз рақобатга йўл қўяяпти?
Ҳудудий бошқармамиз мутахассис ходимлари “Societe des Produits Nestle S.A.” компанияси (Швейцария)нинг музқаймоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва унинг савдоси бўйича йўллаган мурожаатини ўрганди. Унда “KIT KAT” товар белгиси “Societe des Produits Nestle S.A.” компанияси тегишли эканлиги қайд этилган. Аммо Самарқанд шаҳрида жойлашган тадбиркорлик субъекти ўша товар белгисига ўхшаш “KIT KIT” товар белгили музқаймоқ ишлаб чиқариб, сотган ва инсофсиз рақобатга йўл қўйган.
Бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш асосий ўринни эгаллайди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳалол рақобат муҳити шаклланган шароитда кенг ривожланади. Бироқ бундай кураш ҳар доим ҳам инсофли йўллар билан олиб борилмайди. Шу сабабли, бозор муносабатлари шароитида “Инсофсиз рақобат” тушунчаси кўп қўлланилмоқда.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига асосан инсофсиз рақобат хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган. Қонун ҳужжатларига, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар, ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар деб эътироф этилган. Мазкур Қонуннинг 13-моддасига асосан инсофсиз рақобат тақиқланган.
Инсофсиз рақобатда товарни хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товар белгисига, фирма номига ўхшаш бўлган белгидан ўзининг товарлари, этикеткалари, ўровларда жойлаштириш мумкин эмас. Сотилаётган ёки фуқаролик муомаласига ўзгача тарзда киритилаётган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқача тарзда фойдаланиш ҳам ғайриқонуний ҳисобланади.
Инсофсиз рақобат масалаларини кўриб чиқиш ва бартараф этиш Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади. Афсуски, инсофсиз рақобат билан боғлиқ мурожаатлар йил сайин ортиб бормоқда.
Жумладан, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳудудий бошқармага “Бухорогипс” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона томонидан мурожаат тушди. Унда Нарпай туманида жойлашган тадбиркорлик субъекти томонидан “Бухорогипс” МЧЖ қўшма корхонасига тегишли бўлган “ROTBAND” товар белгисидан ноқонуний фойдаланган ҳолда сувоқ (шпатлевка) маҳсулоти ишлаб чиқариб сотганлиги билдирилган. Ўрганиш давомида тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларда айнан “Бухорогипс” АЖ ҚКга тегишли бўлган “ROTBAND” товар белгисидан фойдаланаётганлиги аниқланган.
Дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича ҳудудий бошқармага “INNOTECH PARTNERS” МЧЖ мурожаат қилди. Мазкур мурожаатда “Easycol” ва “Easycol Baby” номли товар белгиларига Интеллектуал мулк агентлиги томонидан гувоҳнома берилган бўлса-да, Нарпай туманидаги тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари қадоқларида “INNOTECH PARTNERS” МЧЖга тегишли бўлган товар белгиларига ўхшаш белгилардан фойдаланилган.
“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиқиш жой номлари тўғрисида”ги Қонунга асосан, товар белгисининг эгаси товар белгисидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга. Товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш, деб эътироф этилади.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича, ҳудудий бошқарма томонидан инсофсиз рақобатга йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг хатти-ҳаракатлари бошқа бозор иштирокчиларига нисбатан инсофсиз деб тан олиниб, “Рақобат тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузилганлиги бўйича тегишли тартибда қарор қабул қилинди. Корхоналарга келгусида инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатмалар берилди.
Азамат Ҳамроқулов,
Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи.