Нега бу йил гриппга чалинганлар кўп?

– Кўча-кўйда, жамоат транспорти ҳамда идораларда оғиз-бурнига ниқоб таққан кишиларни тез-тез учратадиган бўлиб қолдик. Бу аҳоли ўртасида "грипп"нинг тез тарқалаётганидан дарак бермайдими? Нима учун об-ҳаво унчалик совуқ бўлмаса-да, гриппга чалинганлар сони кўп?

Салом Ҳакимов,

Самарқанд шаҳри.

– Дарҳақиқат, қишнинг турлича, гоҳ иссиқ, гоҳ совуқ келиши туфайли грипп, яъни ўткир респиратор вируси инфекцияси (ЎРВИ) касаллигига чалинган беморлар сони ўтган йилга қараганда бироз кўпроқ. Шунинг учун шамоллаган беморлар тиббиёт муассасаларига тез-тез мурожаат қилишмоқда.

Шифохонамизда ўтган йили давомида 1200 нафарга яқин бемор даволанган бўлса, жорий йил январь ойининг шу давригача қарийб 25-30 нафарга етди. Бизда ЎРВИ билан оғриганлар учун 30 та ўрин ажратилган.

Грипп – ўткир ва тез юқадиган касаллик бўлиб, уни жуда майда, кўзга кўринмайдиган вируслар келтириб чиқаради. Уларнинг А, В, С турлари билан оғриган беморлар атрофдаги соғлом кишилар учун ҳам хавф туғдиради. Хасталик ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда сўлак томчилари ҳавода уч соат сақланиб туради ва бу ҳаводан нафас олган кишиларга ҳам юқиши мумкин. Вируслар қонга тушиб, бутун организмни заҳарлайди.

ЎРВИ билан 60 ёшдан ошганлар, иммунитети паст бўлган шахс­лар ҳамда ёш болалар жуда тез хасталанади. Ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинмаса, касаллик оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Грипп эпидемияси авж олган пайтларда таълим-тарбия муассасаларида мураббий ва тарбияланувчилар, ўқитувчи ва ўқувчилар дока ниқоб тақиб олишлари шарт. Ушбу касаллик билан хасталанган ходимларнинг ўқув ва тарбия муассасаларида ишлашлари вақтинча тақиқланади.

Лола ТУРСУНҚУЛОВА,

вилоят юқумли касалликлар

клиник шифохонаси шифокори.