Нега давлат тилига хос терминларни тўғри қўлламайсиз?
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 мартда “Савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига ном беришни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, эндиликда ташқи ёзув, пешлавҳа, реклама ва эълонлар ҳамда товар ва хизмат кўрсатиш белгилари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ келадиган, миллий қадриятларга мос келадиган тарзда қонун талабларига мувофиқ равишда номланишига алоҳида эътибор берилади.
Ҳукуматимизнинг мазкур қарорини амалга ошириш учун жойларда тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда. Аммо шоли курмаксиз бўлмаганидек ушбу қарорлар ижросини таъминлашни турли баҳоналар билан пайсалга солаётган фуқаролар ҳам онда-сонда бўлса-да, учраб туради.
Самарқанд шаҳрида давлат сиёсати ва ҳукумат қарорларидан яхши хабардор ва унинг ижросини ўз вақтида амалга оширишга амал қилиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Аммо буни тушуниб етса ҳам амалга оширишни хоҳламайдиган баъзи шахслар ҳам орамизда борлигидан афсусланиб кетасан, киши. Баъзиларига давлат тили тўғрисида гапирсангиз, энсаси қотади: “Қачондан бери ўзбекча ёзиладиган бўлди?” дейди.
“Гўшт дўконига “Мясо”дан кўра “Гўшт” деб ёзсангиз маъқул эмасми?”, десангиз, дўкон эгасидан “Ҳамма шундай ёзяпти-ку”, деган жавоб оласиз. Товуқ гўшти сотувчисига: “Куринный дом”дан кўра “Товуқ гўшти” шаклида ёзганингиз маъқул эмасми?”, десангиз у “Ўзбекча ёзсак кулгили бўлади-да”, деб саволимизга эътироз билан жавоб беради. “50 миллиондан ортиқ кишининг она тилиси бўлган ўзбек тили қачондан бери кулгили бўлиб қолди, ука!”, дейиш билан чекландим, холос.
Ёки сартарошга: “Нега “Парикмахерская” деб ёзгансиз, ичкаридаги ёзувларингиз инглизча-ку”, десам, “Бу ерга туристлар келади”, деган жавобни олдим. Ажабо, 10 кунга келадиган турист Самарқандга келиб соч олдирса-я. Майли, балки шундайдир. Лекин давлат тилига ҳурмат шуми? Қонунда ҳам кўрсатилган муассаса номи биринчи навбатда давлат тилида, эҳтиёж бўлса, бошқа тилда ёзилиши керак эмасми?
Жойларда ўзбек тилига амал қилинишини назорат қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан дўконлардан бирининг рус тилида ёзилган номини олиб қўйишни эгасига тушунтирдик. Ёзувни олаётган пайтимизда ёшгина лейтенат участка нозири (Геофизика қўрғонидан жойлашган 6-шаҳар милиция бўлими ҳудудига қарашли) менга қараб: “Агар ёзувга ва деворга зарар етказилса, бунинг зарарини сизнинг ойлигингиздан жарима сифатида ундириб олади-я”, деб пўписа қилди. Участка нозирининг менга берган дашноми дўкон эгасини руҳлантириб юборди. “Олмайсизлар!”, деб туриб олса бўладими?.. Ёзувни бир амаллаб олдик. Ана энди эртаси куни ўша дўкон соҳиби менга телефон қилиб, сўкина бошлади. Ишчи гуруҳ аъзолари-ю, ҳокимликдагилар ҳам қолмади...
Бу каби ҳолатлардан келиб чиқиб, ёзувларни алмаштириш жараёнидаги баъзи бир пайдо бўлган масалаларни ҳал этиш борасида ўзимнинг тажрибамга таяниб тавсияларни беришга ҳаракат қилдим.
Баъзиларга қаҳвахона, ресторанлар пешлавҳа ёки ташқи ёзувининг нотўғри ёзилганига эътироз билдирсангиз, “Ўзбекча-ку, кафе Юлдуз деб ёзганман”, дейди. Бу биринчидан, ўзбек тилининг жумла қурилишига тўғри келмайди, русча қолип, ўзбекчаси эса қуйидагича бўлади: “Yulduz qahvaxonasi”. Иккинчидан, ўзбек тилида кафе эмас, қаҳвахона дейилади.
Ёки “Бек шашлык” “доставка” сингари пешлавҳаларга кўзингиз тушиб қолади. Шашлик сўзи оғзаки сўзлашув нутқига хос бўлиб, бунинг устига ўзбек тилининг кирилл алифбосида “ы” ҳарфи йўқ. “Шашлык” – адабий тилда кабоб, деб номланади. “Доставка” сўзини “Yetkazib berish”, “ Бек шашлык”ни эса “Bek kabobi” шаклида бериш мақсадга мувофиқ.
Шаҳар тугул узоқ туманларда ҳам “Мы открылись” шаклида ёзувга кўзингиз тушади. Барака топкур, “Ishni boshladik”, “Faoliyatimizni boshladik” тарзида ёзсанг бўлмайди, дегинг келади.
Баъзилари эса русча жумлаларни ўзбекчага қандай ёзсак бўлади, деган савол билан ҳам мурожаат қилади. Масалан, “Ремонт глюшитель все автомарки, автогенная работа”ни “Barcha rusumdagi avtoulovlar motori ovozini rostlash va avtopayvand ishlari”, “Мотор ходовой замена масла”ни “Avtoulov motori va yurish qismini ta`mirlash, moyini almashtirish” шаклида бериш мумкин.
Аёллар гўзаллик салони очган тадбиркорлар ҳам ўзбекчасини топа олмаяпмиз, деб қолишади. Назаримизда, уларни шундай ёзиш дурустга ўхшайди: Go`zallik saloni. Mijozlarga quyidagi xizmatlarni k o`rsatamiz: sochni tekislash, sochni qirqish, sochni turmaklash, yuzni pardozlash, tirnoq bo`yash ва ҳоказо.
Хуллас, “Қидирган имкон топади”, деганларидек ватанпарвар киши имкон даражасида русча, байналмилал сўзларнинг муқобилларини топишда ҳам соҳа мутахассислари ва тилшунослар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳукуматимиз қарорларига оғишмай амалга қилишга интилади. Хоҳиши бўлмаган, эскича фикрлайдиганлар эса баҳона излаш билан овора бўлиб юраверади. Лекин ҳар бир кишининг кўнглида ВАТАН деган туйғу доимо жўш уриб туриши лозим.
Муродқосим Абдиев,
Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш марказининг Самарқанд бўлими раҳбари.