Нигерияда ўғирланган юзлаб болалар озод қилинди

Нигериянинг Канкара шаҳридаги мактаб-интернатдан исломчилар томонидан ўғирлаб кетилган юзлаб ўғил болалар озод қилинди. Бу ҳақда The Guardian ёзади.

Операция тафсилотлари айтилмаган. Шунингдек, болалар учун тўлов тўланганлиги ҳам номаълум. Шунга қарамай, 344 нафар ўғил болалар уйига қайтди. Расмийлар бу ўғирланганлар аксарияти ёки уларнинг ҳаммаси ҳам бўлиши мумкин, дея тахмин қилмоқда.

Болаларнинг озод қилинишига қарамай, жиноятни аниқ ким амалга оширгани ҳанузгача номаълум. Шубҳа ўғирликка жавобгарликни бўйнига олган "Боко Ҳарам" исломий гуруҳига тушмоқда. Бироқ уларнинг операцияда қанчалик иштирок этгани ҳали аниқ эмас.

11 декабрь куни бир гуруҳ жиноятчилар Канкардаги мактаб-интернатга ҳужум қилишди. Номаълум шахслар мотоциклда келиб, тартибсиз отишма бошлаган. Ҳужум Нигерия президенти Муҳаммаду Бухори штатга ташрифидан 48 соат ўтгач содир бўлди.

"Боко Ҳарам" 2015 йил март ойида "Исломий давлат" террорчилик гуруҳига содиқлигига қасамёд қилди. Шундан сўнг у ўз номини «Исломий давлатининг ғарбий Африка вилояти»га ўзгартирди. «Боко Ҳарам» тартибсизликлар, христиан черковлари ва полиция участкаларига ҳужумлари ва қизларни оммавий равишда ўғирлаш билан шуғуллангани орқали танилган.

Г.Холдорова тайёрлади.