Нигерияда полиция ва ҳарбийлар ўғирланган мактаб ўқувчиларини қидирмоқда
Нигерия ҳарбийлари бир неча кундан буён ўрта мактабга қилинган қуролли ҳужумдан кейин бедарак йўқолган 400 нафарга яқин ўқувчини қидирмоқда. Ҳодиса жума куни мамлакат шимолидаги Кацина штатидаги Канкара шаҳрида содир бўлди.
Маълум бўлишича, мотоциклларда бир гуруҳ босқинчи ўқ узиб, мактаб биносига бостириб киришган. Полиция бўлинмалари жиноятчиларни таъқиб қилган. Натижада 200 ўқувчини қутқаришга муваффақ бўлишган. Баъзи ўқувчилар қочиб қутулишган. Болаларни қутқариш операциясига ҳарбий кучлар ҳам қўшилди.
Вояга етмаганларни Нигериянинг шимоли-ғарбий қисмида фаолият олиб борувчи тўдалар пул эвазига ўғирлаб кетган, деб тахмин қилинмоқда. Ҳукумат ўқувчиларни тезроқ озод қилиш учун барча чораларни ишга солишга ваъда бермоқда.
2014 йил апрель ойида "Боко Ҳарам" радикал исломий гуруҳи аъзолари Борно штати шимоли-шарқидаги Чибок шаҳридаги мактаб ётоқхонасидан 276 нафар қизни ўғирлаб кетишди. 100 га яқин қиз ҳали ҳам бедарак йўқолган ҳисобланади.