Ниқоб тақиш шартми? Россия ва бошқа давлатлардаги вазият
Бугунги кунга келиб Россия Федерацияси коронавирус билан касалланганлар сони бўйича тўртинчи ўринни банд этиб турибди, бироқ шунга қарамасдан россияликлар кўчаларда ва жамоат жойларида ниқобсиз ҳаракатланаётгани кузатилмоқда. Кўчада ниқобсиз юриш қанчалик тўғри ёки нотўғрилигига бугун Россия ва бошқа бир қатор мамлакатлар мисолида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
ЖССТнинг тавсиясига кўра, ниқобни фақатгина касалланганлар ва касалланганлар билан мулоқотда бўлганлар тақиши лозим, агар инсон соғлом бўлса ниқоб тақиш керак эмас. Бироқ, ким соғлом, ким касалланганини қаердан билиш мумкин? Эҳтиёт чорасини кўриб ниқоб тақиб юрган маъқул эмасми?
Дунёга машҳур The Lancet тиббиёт журнали олиб борган тадқиқотга кўра, бу борада турли давлатлар турлича йўл тутмоқда.
Хитой, Жанубий Корея, Япония давлатларида COVID-19 эпидемияси бошланиши билан ҳамма зудлик билан ниқоб тақди. Бундай йўл тутиш мўлжалли хавфдан ҳимояланиш деб аталади, яъни инфекция тарқалиш хавфи юқори бўлганда, уни назорат қилиш ва хавфсизликни таъминлаш биринчи ўринга кўтарилади.
АҚШ ва Буюк Британия каби мамлакатлар умуман бошқача йўл тутдилар, мазкур давлатларда ниқоб тақиш фақатгина тавсия этилди у ҳам бўлса фақатгина жамоат жойларида.
Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият қандай? Нега одамлар ниқоб тақишдан бош тортмоқда?
4 август ҳолатига кўра, Россия Федерациясида 856 264 нафар коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилган ва ушбу кўрсаткич бўйича Россия, юқорида қайд этганимиздек, дунёда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
Россияда коронавирус билан боғлиқ бўлиб турган вазият кескин бўлишига қарамасдан одамлар ниқоб тақишдан бош тортмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мамлакатда бундай ҳолат кузатилишига иккита асосий сабаб бор. Биринчидан, Россияда ҳар бир ҳудуд ёки вилоятда карантин чоралари борасидаги тақиқлар маҳаллий губернаторлар томонидан жорий этилди. Шу боис одамлар турли тақиқларга жиддий эътибор бермади, ниқоб тақмаганлиги учун жарима пули юқори бўлган ҳудудлардагина ниқоблар нисбатан кўпроқ тақилди. Аммо бу ҳолат ҳам узоққа чўзилмади, карантин чоралари, жамоат жойларда ниқоб тақиш шарти сақланиб қолган ҳолда (фақат қоғозда), мамлакат бўйлаб бекор қилинди.
“Биз бу ҳақида ҳар бир селекторда эслатиб ўтамиз, аммо барча хотиржамликка берилгандек таассурот қолмоқда, гўё коронавирус ўз-ўзидан қаергадир йўқолиб қолгандек. Барча тармоқли дўкон ва супермаркетлар, ўзини ўзи алоҳидалаш режими бекор қилинганидан сўнг, Россия истеъмолчилар назорати талабларини бажаришларини таъкидлаган эдилар. Аммо дўконлардаги кассирлар, сотувчилар ва истеъмолчилар умуман ниқобсиз мулоқот қилишмоқда”, - деди савдо ва хизмат кўрсатиш департаменти Москва РБК раҳбари Алексей Немерюк 31 июль куни ўтказилган йиғилишда. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунга келиб Москва шаҳрининг фақатгина учдан бир қисми жамоат жойларида ниқоб тақиб юрибди.
“Шу сабабдан ҳам Москва шаҳри дўконларида ниқоб тақиш режими устидан назорат кучайтирилади”, - таъкидлади у.
Иккинчидан, Тиббий-биологик муаммолар Институтини (ТБМИ) ижтимоий ва когнитив психология лабораторияси етакчи мутахассиси Анна Юсупованинг сўзларига кўра, “рад этиш – бу хавфга нисбатан юзага келадиган саросимага энг оммалашган жавоблардан бири бўлиб, оғир вазиятни тан олмаслик ва рад этиш, қабул қилишни осонлаштиради”.
Унинг таъкидлашича, бундай одамлар бир тарафдан, ўз саросимаси билан муаммони ҳал эта олмайдилар ва иккинчи тарафдан эпидемиологик вазиятни оғирлашишига сабаб бўладилар. Бундан ташқари, расмий маълумотларга ишонмаслик ҳам рад этишга сабаб бўлади.
Шу билан бирга, Юсупова бу ҳолат нафақат Россияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам кузатилаётганини айтиб ўтди. У Европа давлатларини мисол тариқасида келтириб ўтди.
- Одамларни, нафақат ниқоб тақишга, балки уйларида ўтиришга кўндириш ниҳоятда оғир кечди, вазият жудаям оғирлашгандан кейингина одамлар расмий маълумотларга ишона бошладилар. – деди у.
Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош кардиологи профессор Сергей Бойцовнинг фикрига кўра, одамларнинг ҳимоя ниқобларидан бош тортганлиги мамлакатда COVID-19 инфекцияси билан касалланганлар сони жуда секин камаяётганига сабаб бўлмоқда.
Мутахассис, инфекцияни тўхтатишни “олтин” қоидасини атиб ўтди.
- Инфекция жараёнининг иккала иштирокчиси ҳам – касалланган, аммо бу ҳақида ҳали билмайди ва касалланган ва бу ҳақида билади... иккаласи ҳам ниқоб тақиб юрибди, биз айнан шу тариқа инфекцияни тўхтата оламиз, - деди мутахассис.- Айни вақтда Россияда COVID-19 га чалиниш пасаймоқда, аммо жуда секин, - қўшимча қилди профессор. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолат кузатилишига кўп ҳолларда одамларнинг ҳимоя воситаларидан фойдаланмаётгани сабаб бўлмоқда.
Бекзод МУСУРМОНОВ,
интернет материаллари асосида тайёрлади.