Нурободдаги боғчада камчиликлар тузатилди
Zarnews.uz сайти ва “Зарафшон” газетасида берилган “МТМ: Нуробод қамрови энг паст туман. Нега?” сарлавҳали мақола юзасидан Нуробод туман ҳокимлиги муносабат билдирди.
Унда жумладан шундай дейилади:
Бугунги кунда туманимизда 3-7 ёшли болалар сони 13888 нафарни ташкил этиб, уларнинг 2360 нафари, яъни 17 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.
Мақолада қайд этилганидек, бу йил дастур асосида Ўртабўз ва Олға қишлоқларида (ҳар бири 160 ўринли, лойиҳа қиймати 7,0 млрд. сўмлик) 2 та давлат МТМ қурилмоқда. Шунингдек, 6 та хусусий нодавлат, 9 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 10 та оилавий боғча ташкил этилади.
Шунинг ҳисобига йил якунига қадар туман бўйича 3830 нафар, яъни 27,5 фоиз мактабгача таълим ёшидаги болаларни боғчаларга қамраб олиш режалаштирилган.
Мақолада келтирилган Бунёдкор маҳалласидаги 7-мактабгача таълим муассасасида (мақолада 1-МТМ) электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлиши бўйича туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи В.Файзиевга аниқ кўрсатмалар берилиб, огоҳлантирилди. Шунингдек, ушбу муассасада меҳнат таътилида бўлган тарбиячи Б.Юсупова ўрнига ҳамшира Д.Идиеванинг ишлаётгани юзасидан мудира М.Элбоева огоҳлантирилди ва гуруҳга тарбиячилик қилиш И.Яхшибоевага топширилди. Қайд этилган бошқа камчиликлар ҳам тузатилди.
Туманда келгусида бу каби камчиликларга йўл қўйилмаслиги ҳамда мактабгача таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини оширишда бундан буён ҳам ОАВ билан фаол ҳамкорлик қилишимизни билдирамиз.