“Нурободликларга пул эмас, аввало шароит керак”

“Нурободликларга пул эмас, шароит керак”

Ўтган йили вилоятимиз ҳудуди тадбиркорликни ривожлантиришда мавжуд шароит, салоҳият ва имкониятлардан келиб чиқиб беш тоифага бўлинди. Шунда Нуробод тумани тўртинчи, яъни, жозибадорлиги етарли бўлмаган ҳудуд деб топилган эди. Бу нафақат тадбиркорлик, маълум маънода шу тумандаги аҳолининг яшаш шароитига таъсир қилувчи кўрсаткич ҳисобланади. Сабаби бизнес учун шароит етарли бўлмаган ҳолда, инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодий-ижтимоий фаровонликни ошириш ҳақида гапириш қийин. Хўш, унда аҳолининг даромади қаердан? Ва бугуннинг энг долзарб саволи: ҳудудда камбағаллик қандай қисқартириляпти? Хизмат сафарида буни аниқлашга ҳаракат қилдик.

Самарқанд шаҳридан чиқишда электрон харита оралиқ масофани 90 километр дея кўрсатди. Бу туман марказигача. Биз бормоқчи бўлган чекка ҳудудларни қўшиб ҳисоблаганда, яна шунча юрилади. Йўл-йўлакай туман ҳақида маълумот тўплаймиз: Аҳолиси 163 минг нафарга яқин. Йўлларининг жами узунлиги 1800 километр. Шундан бор-йўғи 112 километри асфальт қилинган, 911 километри тош ва 781 километри тупроқ йўллар. Аҳолининг 17 фоизи табиий газ билан таъминланган. Қолганлари суюлтирилган газ баллони ёки ўтиндан фойдаланади. Билишимизча, ҳудуднинг асосий қисми суғорилмайдиган, қурғоқчил ерлар. Демак, ўтин ҳам муаммо.

“Камбағаллар 8,5 фоиз, лекин бу реал рақам эмас”

Нурободга келиб, дастлаб туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбари Ғайрат Мусурмонов билан учрашдик. Унга кўра, бугунги ҳолатда туманда истиқомат қилувчи 38,9 минг оиладан 6,7 мингтаси кам таъминланган, шундан 3298 таси камбағал ҳисобланади.

— Бу оилаларнинг 13 минг нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари бор, - дейди Ғайрат Мусурмонов. – Ўрганиш давомида уларнинг асосий қисми доимий иш билан банд бўлса-да, тўлиқсиз иш режимида ёки кам маош олиб ишлаётгани, 2629 нафарининг доимий иши йўқлиги, 488 нафари тадбиркорлик билан шуғулланса-да, даромади камлиги маълум бўлди. Энг кўп учрайдиган ҳолат – оилада эр-хотиннинг кунлик топиш-тутиши яхши, аммо расмий даромади йўқ. Улар ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтган, лекин бу оиланинг реал даромадини аниқлаш имконини бермайди. Оқибатда улар кам таъминланган оила сифатида рўйхатда тураверади.

Масъулнинг таъкидлашича, туманда Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги вазифалар ижроси доирасида ишлар бошланган. Хусусан, туманнинг 10 та энг оғир тоифали маҳалласи белгиланиб, айни кунда уларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб яшаш ва ишлаш шароитларини яратиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, барча давлат идоралари ва қатор тадбиркорлик субъектларига Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 5 тадан оила бириктирган. Улар бу оилалардаги ижтимоий муҳитни ўрганиб, уларни камбағалликдан чиқаришда амалий кўмак бериб боришади.

— Шундай оилаларни ўрганишда турли вазиятларга дуч келяпмиз, - дейди Ғайрат Мусурмонов. – Тўғри, ҳақиқатда аҳволи оғир, озгина кўмак берилса, ўз йўлини топиб кетадиган фуқаролар бор. Аммо тан олишимиз керак, атай даромадини яширадиган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Уларга расмий иш жойини таклиф қилсангиз, ишламайди, тадбиркорлик учун кредит ажратсангиз, тўловларни ўз вақтида тўламай, вазиятни янада оғирлаштиради. Бундай фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, реестрдан чиқарилмоқда. Чунки ижтимоий ёрдам аниқ манзилига етиб бориши керак.

Маълумотга кўра, айни кунда ҳудудда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, йил якунигача 2568 оилани реестрдан чиқариш, 4140 оиланинг даромадини ошириш режалаштирилган.

Уй чеварлигидан цех раҳбарлигигача бир қадам

Сафаримизнинг амалий қисмига ўтсак. Биринчи манзил туманнинг Амир Темур маҳалласи бўлди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Тоштемир Нўмоновнинг таъкидлашича, маҳалланинг 56 оиласи реестрга киритилган. Уларда 37 нафар ишсиз фуқаро бўлиб, шундан 12 нафари ёшлар, 15 нафари аёллар. Ўтган вақтда барча ишсизларга иш таклиф қилинган экан. Бироқ кўпчилик уларда маош камлиги ё бошқа сабабларни келтириб, ишлашдан бош тортган. Шу боис маҳалла фаоллари уларни тадбиркорликка жалб қилиш ёки ўзига маъқул бошқа касбларга ўқитиш йўли билан бандлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда.

Мисол учун, Мунира Хўшбақова яқин-яқингача ўз хонадонида чеварлик билан шуғулланиб, қўни-қўшниларининг буюртмаларини бажариш билан чекланар эди. Маҳалла фаоллари унга тикув цехини очиш учун жой ажратилиши ва кредитга тикув машинкалари олишида ёрдам берди. Натижада ишбилармон аёл маҳалланинг 10 нафар хотин-қизини иш ва энг муҳими, яхши даромад билан таъминлади. Ҳозир улар аҳолининг буюртмаларини бажариш баробарида, маҳсулот тайёрлаб, бозорга чиқаришни бошлаган.

Шу маҳалланинг яна бир оиласида муқим яшаш жойи йўқ эди. Фаоллар маслаҳати билан савобталаб фуқаролардан бири ўз ҳовлисининг бўш турган қисмини шу оилага берди. Шунингдек оиланинг бир нафар аъзоси ошпазликни ўрганиш шарти билан овқатланиш шохобчасига маошли ишга жойлаштирилди. Уйда қолган аъзолар даромад қилиши учун кредит маблағлари ҳисобига 52 дона зотли товуқ берилди ва иссиқхона қуриб берилди. Агар оила бу имкониятлардан тўғри фойдаланса, яшаш шароити ҳеч кимникидан кам бўлмайди.

— Камбағалликдан чиқиш кўпроқ фуқароларнинг ўзига боғлиқ, - дейди Тоштемир Нўмонов. – Ҳукумат бунинг учун барча шароитни яратган. Ишламоқчи бўлганларга иш, бизнес қиламан, деганларга восита ёки пул бериляпти. Шундай экан, ҳаракатда баракат. Аста-секин боқимандалар ҳам буни тушуняпти ва имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилишяпти.

Нурдумликлар оғир ҳаётдан чарчаган

Боқимандалик. Тумандалигимизда шу сўз одатдагидан кўп ишлатилди.  Шундай тасаввур пайдо бўладики, эҳтиёжмандларнинг асосий қисми атай ишламайди ва бошқалар берганини еб ётади. Ҳар ҳолда аксар масъулларнинг фикри шундай экан. Лекин ёрдам пулларига бирорта инсон шоҳона ҳаёт кечирганини кўрмадик. Бизнингча, муаммо одамларнинг ишлашни хоҳламаслигида эмас, балки уларга муносиб иш ва маош таклиф қилинмаётганлигида. Ёки тадбиркорлик учун шароит йўқлигида.

Бу фикримизнинг исботини туман марказидан чиқиб, четроқдаги маҳаллаларни ўрганганимизда кўрдик. Масалан, туман марказидан 25 километр узоқликдаги Нурдум маҳалласига етиб боришнинг ўзи катта машаққат экан. Унга элтувчи йўл шу қадар абгорки, унча-мунча ҳайдовчи бу йўлга кириб, техникасини “азоб”лашни истамайди. 7 қишлоқдан иборат бу маҳаллада 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қилар экан. Энг қизиғи, ана шу катта маҳаллада бор йўғи 7 нафар тадбиркор бор.

— Яшириб нима қиламан, 80-90 фоиз фуқароларимизнинг даромади мавсумий ишлардан, - дейди маҳалла раиси Сафар Тоғаев. – Яна нима қилишсин, дейсиз? Шу билан кунини кўраётганига ҳам хурсандмиз. Гувоҳи бўлганингиздек ҳудудимизга келишнинг ўзи катта муаммо. Сувсиз, йўлсиз бу ерда тадбиркорлик ёки саноатни юритиб бўлмайди. Одамларимиз иш излаб четга ёки бошқа туман ва вилоятларга кетади. Нурдумлик усталарни пойтахтда ҳам яхши танишади. Тўғри, уйда қоладиганлар чорвачилик билан шуғулланяпти. Лекин бу ҳам таваккал иш.

Нурдумнинг қурғоқчил ерлари фақат ёмғир ва қор сувларидан баҳраманд бўлади. Чорвачилик ҳам шунга боғлиқ, йил яхши келса - даромадли, ёмон келса - харажатли. Бу таваккалчиликда бойиб кетиш қийин. Ичимлик суви ҳам муаммо. Маҳалладагиларнинг айтишича, қудуқлардан тоза сув чиқмайди. Кўпчилик ичимлик сувини сотиб олади.

Савол туғилади: мазкур маҳалладаги 217 та кам таъминланган оила қандай қилиб камбағалликдан чиқарилади? Ҳудудда иш ўрни яратиш муаммо, чорвачилик таваккалчилик дегани. Боқувчисини йўқотган ва ногиронларни ҳам кунлик ишга чиқариш керакми?

Аслида, бу муаммонинг ечими жуда оддийдек. Гап шундаки, мазкур маҳалладан ўтувчи 4М-553 йўли Нуробод туманини Каттақўрғон шаҳри билан боғловчи қисқа йўл ҳисобланади. Шунингдек, бу йўл орқали Каттақўрғон сув омбори атрофидаги дам олиш масканларига бориш мумкин. Демак шу кўча асфальт қилинса, 7 қишлоқ аҳолисининг ҳаётини ўзгартириш мумкин. Доимий қатнов йўлга қўйилган кўчада маҳаллий аҳоли маиший хизмат шохобчаларини очиши, тамаддихоналар фаолиятини йўлга қўйиши мумкин. Бу сув омбори атрофидаги дам олиш масканлари билан боғлиқ тадбиркорликка қўшилиш имконини ҳам беради. Аммо негадир масъуллар туманнинг қон томиридаги бу “тромб”ни олиб ташлаб, ҳудудни соғломлаштиришга шошилмаяпти.

— Кўчамиз 2023 йил дастурга кирган, лекин таъмирланмаяпти, - дейди раис. – Шағал ётқизишганди, аммо бу йўлда транспорт ҳаракатланишини янада мураккаблаштирди. Шу йил муаммомиз ҳал бўлади, деб умид қилган эдик. Масъуллар кўчанинг бошидан 2,8 километрини асфальт қилиб, яна ишни тўхтатиб қўйишди. Одамларимиз қийинчиликлардан чарчашган.

Қаноат қилиб эмас, яхши яшаш керак

Бу тумандаги муаммоси алоҳида ёндашувни талаб қиладиган ягона маҳалла эмас. Иттифоқ, Қиличли, Олға, Чорвадор, Ўртадўз, Булоқбоши, Аработа сингари марказдан олисроқда жойлашган қатор маҳаллалар ҳам нимагадир ихтисослаштирилиши, ҳеч бўлмаганда, йўли таъмирланиб, одамларининг ишга қатнаши учун шароит яратилиши лозим. Шунда ҳудудларнинг жозибадорлиги ортади, инсонлар ҳам эртанги кунига ишонч билан ҳаракат қилади.

Таассуротимиз бўйича, ҳозир нурободликларга борига қаноат қилиб, яхши яшанг, дейилаётгандек. Лекин уларнинг бори бошқаларнинг йўғи. Аслида сувсиз, газсиз, йўлсиз ерларда яшаб, мардикорлик қилиб бўлса-да, рўзғор қилишнинг ўзи катта қаҳрамонлик. Жойларда чиройли уйларни ҳам кўрдик. Бу уйнинг эгаси қаерда ишлайди, деб сўрасангиз, ё хорижда, ё бошқа туманда эканлигини айтишади. Мусофирчиликда ҳам топганини уйига, Нурободига юбораётган одамларни боқиманда, деб бўлмайди. Тўғри, бундайларнинг даромади “база”да кўринмас, лекин бу уларнинг муаммоси ёки айби ҳам эмас. Ҳисоботимиз тўғри бўлиши учун кимдир 2-3 миллион сўмлик маошли ишга жойлашиб, камбағаллик остонасида қолиши керакми? Шундай экан муаммони ечиш учун унга бошқа томонлардан қарашни, танганинг ҳар икки томонини кўришни ўрганишимиз керак. Айниқса, Нуробод шароитида.

Асқар БАРОТОВ.