Нуронийлар шижоати ёшларга ибрат мактабидир

Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами озод ва обод юртимизда истиқомат қиладиган ёши улуғлар учун алоҳида аҳамият касб этади. Негаки, уларнинг аксарияти совет тизимида ва истиқлолдан кейинги йиллардаги барча воқеа, ўзгаришларга гувоҳ. Бошқача айтганда, ҳаётнинг аччиғига чидаб, ширинидан завқланиб келишди...

Очиғи, жойларда бўлганимда ўзининг теран фикри, маънавияти билан кўпчиликка ибрат бўлаётган отахону-онахонларни кўриб ҳавасим келади.

Улардан бири Мавлуда Ҳамдамова Ургут тумани Ғўс қишлоғида туғилган. Кўп йиллар ўқитувчилик билан шуғулланган аёл айни пайтда пенсияда. Қолаверса, фарзандларининг барчасини уйли-жойли қилган. Шунга қарамай, тиниб ўтирмайди.

- Кашта тиксам, уни ёшларга ўргатсам маза қиламан, - дейди М.Ҳамдамова. - Айни пайтда устахонамда 20 чоғли одам иш билан банд. Каштадўзлик бўйича қишлоқда касаначиликни ҳам йўлга қўйганмиз. Матосини, ип-игнасини келтириб бераман, хотин-қизлар уй-рўзғор юмушларидан ортиб, буюртмаларни тикиб беради. Шу орқали улар ҳам даромад топади, мен ҳам мижозлар талабини вақтида амалга ошираман.

- Мавлуда опа мураббийлигида нафақат рўзғоримни бутлаш, балки келажакда жамият учун фойда келтиришни ўз олдимга мақсад қилганман, - дейди Гулбар Тошева. - Чунки айнан шу киши туфайли каштачиликка меҳр қўйдим. Биласизми, хотин-қизлар шу ҳунар билан уй бекаси сифатида бир йилда 1000 доллар даромад қилиши мумкин. Устозим айтганидек, бунинг учун кечки пайт сериални томоша қилишни тўхтатиш ва кашта тикишни ўрганиш етарли.

Қари билганни пари билмайди, деб шуни айтишса керак-да. Шу сабабли давлатимиз раҳбари “Ҳар бир нуроний - беш ёшга мураббий” лойиҳасини илгари сурганида аҳолининг барча қатлами бу эзгу ҳаракатни иштиёқ билан қарши олди. Бу борада Самарқанд вилоятида ҳар бир маҳалладан 5 нафар тарбияси оғир, маънавий-ижтимоий кўмакка муҳтож, яъни, ишсиз 5525 нафар ёшлар рўйхати шакллантирилди. Қайд этиш лозимки, мураббий-нуронийларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунгача 1,5 минг нафарга яқин йигит-қизлар “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Демак, шунча ўғил-қизлариимиз мураббий сифатида бириктирилган кекса отахон ва онахонлардан тадбиркорлик, деҳқончилик ва бошқа йўналишларда касб-ҳунар ўрганиб, даромад топа бошлади.

Нарпай тумани “Ўзбекистон” маҳалласида яшовчи 65 ёшли Бозорбой Хасанов ҳам 5 нафар ёшларга мураббийлик қилиб келмоқда. Отахон бой ҳаётий тажрибаси асосида ёшларга деҳқончилик сирларини ўргатяпти.

“Ҳар бир нуроний – беш ёшга мураббий” тамойили бўйича менга ҳам 5 нафар ишсиз ёшларни бириктиришди. Мен уларни йиғиб, қизиқишлари, мақсад-ўйлари билан қизиқдим. Табиийки, уларнинг ҳар бирин орзуси ушалиши учун дастлабки сармоя ёки молиявий таъминот керак. Шу боис, йил бошида мумкин эди, тўғри ҳокимга учрашганимдан сўнг, ҳар бир йигитга  25 сотихдан ер ажратилди.

Биргина Қувончбек Нарзуллаевнинг даласини бориб кўринг, гапларини эшитинг. Баҳорда 25 сотих ер олиб бериб, деҳқончиликни бошлаган бу йигит 40-50 миллион сўм атрофида даромадни кўзлаяпти....”, дейди Бозорбой ака.

Бу нуронийларимиз сингари кексайган чоғида ҳам фойдали иш, айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланаётган отахон-онахонлар оз эмас. Гап улар фаолиятини тарғиб қилиш, бошқаларга ибратини кенг ёйишда. Шу боис, вилоят Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши ташаббуси билан яқинда Ургут туманига саёҳат-тур ташкил қилинди.

Туман Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши биносидаги шароит, кексалар учун яратилган қулайликлар, муҳими, бинонинг жойлашувида шамол ва қуёшнинг таъсири ҳам ҳисобга олингани Кенгашнинг шаҳар-туман бўлими раислари, фахрийларда катта таассурот қолдирди.

Умуман, вилоятимизда кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимли йўлга қўйилган. Бир мисол, жорий йилнинг ўтган даврида Бухоро, Қарши ва Урганч шаҳарларида янгидан ташкил этилган сиҳатгоҳлар ҳамда мавжуд дам олиш масканларида мингдан ортиқ нуронийлар соғлиғини тиклади. Бундан ташқари, карантин чекловлари даврида кексалари бор оилаларга махсус жамғарма ва ҳомийлар ҳисобидан мунтазам озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар етказиб берилди. Шунинг ўзи ёши улуғ кишиларимиз ҳар қандай шароитда эътибор марказида бўлиб келаётганини кўрсатиб турибди.

Самарқандда 80 ёшида ҳам айрим ёшларга ибрат бўлаётган Ҳамроқул Рофиевнинг ташаббуси билан яна бир яхши анъана йўлга қўйилган. Икки-уч йилдан буён давом этаётган бу лойиҳада аввал шаҳар ва туманларда нуронийлар спорт мусобақалари ўтказилади. Ҳудуд ғолиблари вилоят босқичида куч синашади. Ҳар бир босқич ғолиб ва совриндорларини шахсан биринчи раҳбар – ҳокимлар тақдирлайди.

Бугунги кунда вилоятимизда 314 минг 403 нафар пенсионер истиқомат қилади. Шундан 21 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 957 нафари меҳнат фронти фахрийларидир.

Минглаб фахрийлар ёшларга мураббийлик қилиб, ҳаётда тўғри йўл топишларида кўмаклашяпти. Бундай фидойи кексалар топшириқ ёки таклиф кутмайди улар юмуш излайди, жамиятга наф келтириш ҳақида бош қотиради.

Масалан, 48 йил қишлоқ хўжалигида фаолият олиб борган 80 ёшли жомбойлик Барот Нодировни бутун республикамиз аҳли қишлоқ хўжалиги билимдони сифатида яхши билади. Пастдарғомлик Элибой Таниев ҳам худди шундай. Озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси глобал масалага айланган бир даврда уларнинг тажрибасидан фойдаланиш керакми-йўқми! Табиийки, жуда зарур. Шу боис, улар сингари тажрибали агроном, механизатор, чўпон, қўйингчи, қишлоқ хўжалиги соҳаси фахрийларини бир гуруҳга жамлаганмиз. Улар вақти-вақти билан жойларда бўлиб, нафақат далада ишлаётганлар, балки ҳудуд раҳбарлари, кластер эгалари, ҳокимларга ҳам ўз тавсия ва маслаҳатларини бериб келмоқда.

Бу амалиётни бошқа соҳаларда ҳам йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда. Келинг, шу ўринда яна бир тажрибани айтиб ўтай. Фахрийларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида кўпни кўрган, катта ҳаётий тажриба ҳамда билимга эга, ўзига яраша ҳурмат ва обрў қозонган 1500 нафардан ортиқ нуронийларнинг рўйхати шакллантирилган. Улар шаҳар ва туманлардаги Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, шунингдек, 1114 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Кексалар маслаҳати гуруҳи” ва “Бувижонлар мактаби” каби жамоатчилик тузилмаларини юритиб келмоқда.

Энди рақамларга тўхталсам. Ўтган давр мобайнида маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш мақсадида нотинч, ноқобил ва бошқа муаммоли 615 оилага айнан шу кишилар кириб борди. Улар мавжуд муаммоларни ўрганиб, жойида ҳал қилишга ҳисса қўшди. Вазиятдан келиб чиқиб, баъзи бир муаммоларни ечиш бўйича сектор ҳамда тегишли ташкилот раҳбарларига таклифлар берилди.

Рост, пандемия ҳолатида фахрийларимиз бироз зерикиб қолишмоқда, лекин ҳаракатдаги онахону отахонларимиз қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Айниқса, баҳор ойлари улар халқимизга томорқадан фойдаланишда самарали ёрдам берди, бунинг натижаси эса вилоятимизнинг деҳқон бозорларида ўз аксини топди. Бозорларимиз маҳсулотларга тўла, карантин даврида ҳам одамларимизнинг кўп азият чекишига йўл қўйилмади.

Ургут туманига ҳам саёҳат, ҳам тажриба алмашиш давомида гувоҳ бўлдикки, тадбиркорлик субъектларига бош-қош бўлаётган отахон-у онахонларнинг ҳар бирининг ўзига хос тажрибаси, амалиёти бор. Масалан, мураббий-нуроний Гулсара Ҳақбердиева ўзига бириктирилган ёшлар билан чақалоқларга йўргаклаш жамланмалари ва кийим-кечак тикяпти. Ҳожи онанинг айтишича, “чақалоқларни йўргаклаш жамланмаларига ички бозорда эҳтиёж жуда катта. Шу боис, ишлаб чиқаришни кенгайтириб, 5 эмас 10 нафар ёшнинг бандлигини таъминлашган.”

Ҳусния Бадалованинг фаолияти ҳам ҳавас қилса арзигулик. Негаки, у пенсияда бўлишига қарамай йил якунигача юзлаб хотин-қизларга миллий либосларни бичиш-тикишни ўргатмоқчи. Аброр бобо Ҳожиев томонидан ташкил этилган резина пойабзал ишлаб чиқариш цехида 40 нафар йигит-қиз фойдали меҳнат билан банд.

Ургутга саёҳат-тур давомида туман ҳокими Ботир Жабборов вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган кекса отахон-онахонлар билан учрашиб, уларнинг фикрларини эшитди, дуосини олди.

- Рости, Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган сиёсат туфайли туманимизда кекса авлод вакиллари кимгадир суяниб эмас, суянчиқ бўлишга ҳаракат қиляпти, - деди Б.Жабборов.

Бугунги кунда вилоятимизда 314 минг нафардан кўпроқ пенсионернинг ҳар бири Ургут тумани ҳокими қайд этганидек, кўпчиликка, айниқса, ёшларга суянчиқ бўлишига эришиш асосий мақсадимиз. Тўғри, табиий шароит, мавжуд вазият ва бошқа омилларга кўра, барча кексалар ҳам жамият ҳаётида фаол бўлолмайди. Уларнинг муайян қисмига ижтимоий-иқтисодий, ҳатто айрим ҳолларда маънавий ёрдам керак.

Яшириб нима қилдик, бундай ҳолларда ҳамма вақт ҳам ҳокимлик ёки ҳомийлардан умид қилиб бўлмайди. Шу пайтгача Нуроний жамғармасининг имконияти етмасди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг узоқни ўйлаб қилаётган сиёсатларини эътироф этмасдан илож йўқ. Негаки, биргина жорий йилги давлат дастурида Республика Нуроний жамғармасининг молиявий имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида жамғармага давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш белгиланди. Шунча пулни қайси давлат кексаларнинг ўз ихтиёрига бериб қўяди! Менимча, бундай ғамхўрлик фақатгина мустақил Ўзбекистонда, янгиланиш – том маънода ўзгаришга юз тутган юртимизда бор.

Саидаҳмад Усмонов,

вилоят “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши раиси.