“Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла”. Республика ишчи гуруҳининг ушбу дастурга киритилган ҳудудлардаги фаолияти давом этяпти
Самарқанд вилоятидаги 4 та маҳалла – Каттақўрғон туманидаги “Чўянчи”, Оқдарёдаги “Янгиқўрғон”, Паст Дарғомдаги “Олти қаҳрамон” ва Иштихондаги “Чағатой” маҳаллалари “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” дастурига киритилган. Айни кунларда бу маҳаллаларда кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти.
Бу маҳаллаларда 18 679 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Ушбу манзилларда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича “хонадонбай” хатлов ўтказилиб, ҳудудлар кесимида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган. Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳалла ифратузилмасини яхшилаш мақсадида мазкур ҳудудларда жами 44 та кўча ободонлаштирилди.
Хусусан, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 362 дона эски симёғочлар янги темир-бетон устунларга алмаштирилди, 19 та трансформатор пунктлари капитал таъмирланди ва 5 та янги трансформатор ўрнатилди, 1,6 километр узунликдаги электр кабеллари тортилди.
Маҳаллалардаги ички йўлларнинг жами 8,2 км қисмига асфальт ётқизилди ва 39,9 км узунликдаги қисми шағаллаштирилди. Ҳудудлардан ўтувчи 4,7 км узунликдаги ариқ ва зовурлар тозаланди.
Газ таъминотини яхшилаш мақсадида жами 45 та газ тақсимлаш пункти капитал, 27,0 км газ қувурлари эса жорий таъмирланди. Шунингдек, 9 та иситиш қозонлари қайта реконструкция қилинди.
Ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларига жами 65,3 тонна ва аҳоли хонадонларига 4,0 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 3,7 км узунликдаги сув қувурлари тортилди, шу жумладан, 4 дона сув иншооти ўрнатилди.
Маҳаллалардаги мавжуд 13 та қабристон тўлиқ тозаланди, дарахтларга шакл берилиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Маҳалла биноси ва ижтимоий объектлардаги камчиликларни бартараф этиш йўналишида маҳаллалар учун янги хизмат биносини қуриш ишлари бошланди. Ҳудудлардаги 2 та умумтаълим мактабида капитал таъмирлаш ишлари якунланди.
Аҳоли соғлиғини яхшилаш мақсадида 9 мингга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди шунингек, 560 та фуқаро бепул дори-дармон воситалари билан таъминланди. Жами 65 нафар фуқаронинг вилоят ва туман соғлиқни сақлаш муассасаларида соғлиғи тикланди.