Одамларда коронавирус юқтириш орқали тажриба ўтказилади

Оксфорд университети инглиз олимлари бир нечта кўнгиллиларга янги коронавирусни юқтиришга тайёрланмоқда. Ушбу синов вируснинг барча вариантларида организм ўзини қандай ҳимоя қилишини аниқлаш, кузатилаётган беморлар иммунитет таъсирини ўрганишни кўзда тутади. Тадқиқот COVIDнинг олдини олиш ва даволашнинг самарали усулларини ишлаб чиқишда ёрдам бериши мумкин.

"Ушбу тажриба ёрдамида биз иммунитет реакцияси янги инфекцияга қарши тура олишини аниқламоқчимиз, - дейди Оксфорд университети вакцинология профессори Хелен Максейн. - Эксперимент натижалари келажакда вакциналар ишлаб чиқиш, уларни синовдан ўтказиш ва ундан тезкор фойдаланишга имкон беради".

Барча кўнгиллилар COVID касаллигига чалиниб ўтган ва уларда коронавирусга қарши антитаначалар мавжуд. Шундай қилиб, улар иккинчи бор коронавирусга чалинади. Олимлар эса ўзлари юборган сунъий вирусга қарши антитаначалар курашишини кузатади.

Оксфорд университети олимлари томонидан шифохона шароитида 64 нафар беморга янги коронавирус юқтирилади. Коронавирус уларнинг танасидан бутунлай йўқолгунча улар шифохонада қолади. Яъни, уч ҳафта. Бу вақт давомида кўнгиллилар шифокорларнинг қатъий назоратида бўлишади. Сунъий юқтириш тажрибасини бошлаш 17 май, душанба кунига белгиланган. Тажриба ўтказилаётган фуқароларга 5000 фунт стерлинг миқдорида компенсация тўланади.

«Биз одамни COVIDдан, касалликнинг оғир шаклидан нима ҳимоя қилишини ҳали аниқ билмаймиз. Тажриба бу саволга жавоб топишда ёрдам беради. Жараёнда биз кўплаб маълумотларга эга бўламиз. Бу бизга янги вакцина ва янги даволаш усулларини ишлаб чиқишда ёрдам беришига умид қиламиз», деди тадқиқот координатори Сюзан Жексон.

Олимлар коронавирус одамларга турлича таъсир этишини ва вирус иммунитет тизимига қай тарзда таъсир этиши ҳақида кўпроқ билишга уринмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар ниҳоят коронавирусни тўлиқ назорат қилишга ёрдам беради, деб умид қиламиз.

Г.Холдорова тайёрлади.