Оила - жамият пойдевори

15 май жаҳон миқёсида “Халқаро оила куни” нишонланади. Ушбу байрам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга кўра 1994 йилнинг 15 майидан буён мунтазам нишонланиб келмоқда.
Ушбу куннинг белгиланишидан кўзланган мақсад оиланинг кўплаб муаммоларига жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қаратилган. Жамиятнинг асосий бўғини бўлмиш ушбу муқаддас даргоҳнинг мустаҳкам, бардавом бўлиши кўп жиҳатдан кўпни кўрган отахон-у онахонлар, нуронийларга ва албатта ота-онага, бир сўз билан айтганда ўзимизга боғлиқ.
Конституциямизда оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилган. Чунки жамиятнинг маънавий ва ахлоқий жиҳатдан соғлом бўлиши оила билан боғлиқ. Айнан оилада инсон характерининг асослари – меҳнатга, маънавий ва моддий бойликларга муносабат шаклланади. Шунингдек, жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини таъминлашда муносиб ҳисса қўшадиган бунёдкор ёш авлодни тарбиялашга кўмаклашиш оиланинг масъулияти, бурчи ва вазифасидир.
Оилани бир улкан дарахтга ўхшатсак, унинг бақувват танаси ва илдизи ота ва онадир. Бундай дарахтнинг шохлари ҳам соғлом ва кўркам бўлади. Илдиз ва тана ота–онамиз экан бундай соғлом тана ва илдиздан албатта етук шахслар, яъни соғлом фарзандлар дунёга келади. Шундай экан ота-она иноқ, тарбияли, бир-бирини ҳурмат қиладиган, бир-бирини тушунадиган бўлса, бундай оилада оқила қизлар ва етук йигитлар вояга етади. Зеро, оилада ватанга садоқат, ота-онага оқибат, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват омиллари ўсиб келаётган ёш авлод онгига сингдирилиб, оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштиришга, уларнинг жамият олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Мухлиса Нарзуллаева,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабаси.