ОИТСга чалинган беморлар карантин кунларида қандай муолажа олади?

Карантин пайти турли хасталиклар билан касалланган, доимий равишда муолажа олиб туриш керак бўлган беморлар қандай йўл тутмоқда? Бу ҳақда мутасаддиларининг ҳар куни оммавий ахборот воситаларида бериб борилаётган жавоблари орқали хабардор бўлиб турибмиз. Яъни ҳар бир бемор ўз ҳудудидаги тиббиёт муассасасида даволаниш имконига эга бўлиб, зарурат туғилганда йўлланма билан вилоят миқёсидаги шифохоналарда муолажа олиши мумкин. Аммо шундай хасталиклар борки, бундай дардга чалинганлар айни дамда кўчага чиқиши жуда хавфли, касалликни юқтириб олиши осон, ундан даволаниши эса мураккаб, деярли имконсиз.

Жумладан бу ОИТС инфекциясини юқтириб олган беморларга ҳам. Ушбу хасталикка чалинган беморлар бугун даволанишни қай тариқа давом эттирмоқда? Бу ҳақда билиш учун вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига бордик. Марказга кираверишда дезинфекцияловчи туннель ташкил этилиб, келувчилар бошдан оёқ зарарсизлантирувчи душдан ўтказилмоқда. Ҳамширалар бинога кирувчиларнинг тана ҳароратини ўлчаб, қўлига зарарсизлантурвчи воситалардан сурмоқда.

- Вилоятда ОИТС хасталигидан даволанаётган беморларга барча зарур дори-дармонлар 1 апрелга қадар тарқатилди, - дейди Самарқанд вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Зокир Умрзоқов. – Ушбу дори-дармонлар уларнинг уч ойлик муолажаси учун етарли. Карантин кунларидан аввал бошқа вилоятларга бориб қолган ёки бошқа вилоятдан Самарқандга келиб, қолиб кетган беморлар бор. Улар ҳам марказларнинг ўзаро келишуви натижасида зарур дори-дармонлар билан таъминланди. Шунингдек, беморлар учун онлайн маслаҳат бераётган, шу йўналишда фаолият олиб борувчи нодавлат ташкилотлар бор. Улар айни кунларда янада фаол иш олиб бормоқда.

Марказимизда яқиндан фтизиатр мутахассис иш бошлади. Бу ҳам хасталикка чалинган беморларнинг самарали даволанишлари учун қулай бўлди.

Шунингдек, бу йил хасталикка чалинганлар сони ўтган йилгидан 21 тага камайди. Аммо йил охирига қадар бу кўрсаткич ўзгариши мумкин. Чунки ОИТС хасталигини хавф гуруҳидагиларда аниқлаш учун ишлар энди амалга оширилади. Хасталик қанчалик эрта аниқланса, уни даволаш ҳам енгилроқ кечади ва беморнинг умр давомийлиги ошади. Кейинги йилларда препаратларнинг янада яхшилангани туфайли ОИТСга чалинган беморларни даволаш самарадорлиги ошиб бормоқда. Илгари беморларнинг тери ранги, аҳволи йилдан-йилга салбий томонга ўзгарарди. Ҳозир бу масалада аҳвол анча ижобий. Масалан, марказимизда 2004 йилдан бери даволаниб келаётган бемор бор, бугун хам унинг саломатлиги яхши, дейиш мумкин.

Кўпчилик юртдошларимиз касалликни тиббий муассасаларда юқтириб олиш хавфи қанчалик экани билан қизиқишади. Қолаверса, тиббиёт ходимларининг ҳам бу хасталикни юқтириб олиш ҳолатлари афсуски, мавжуд. Ҳар бир беморнинг ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан огоҳ бўлиши бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Айниқса, коронавирус бу огоҳликни кучайтиргани нафақат беморлар, балки тиббиёт ходимларининг ўзлари учун ҳам эҳтиёткорлик, тиббий қоидаларига ҳар қачонгидан кўпроқ риоя этиш муҳимлигини яна бир карра эслатиб қўйди.

- ОИТСга чалинган беморлар марказдан йўлланма олгач, кейин у ёки бу тиббиёт муассасасига боришади, бу эса ҳар бир тиббиёт ходимини шунга мутаносиб тарзда иш олиб боришини тақозо этади, - дейди З.Умрзоқов. – Умуман олганда, қай йўналишдаги шифохона бўлишидан қатъи назар ва ундаги ҳар бир тиббиёт ходими беморни даволаётганда унга инфекцион хасталик мавжуд бемордай қараши ва ўзини ҳамда бошқаларни ҳимоялаш учун барча қоидаларга риоя қилиши зарур.

Марказ маълумотларига кўра, шу кунларда ОИТСга чалинганларнинг катта фоизи ёш нуқтаи назаридан олиб қаралса айни меҳнат қиладиган, 20-49 ёшдагиларни ташкил қилади. Ўтган йили аҳолининг тўққиз фоизи ушбу хасталикка текширилиб, эрта аниқлаш ҳолати кўпайган бўлса, бу йил бундай текширувлар 20 фоизга етиши кутилмоқда.

Гулруҳ КОМИЛОВА.