«Ўлай агар, журналистлигимни айтмайман»
Яқинда қишлоққа бориш учун таксига ўтирдим. Машинада икки киши бор экан, ҳайдовчи яна бир йўловчи топиб келиш учун бекат томон кетди.
Ҳамроҳларим билан салом-алик қилдим. Бироздан сўнг улар нима иш қилишим, нега йўлга отланганим ҳақида суриштириб қолди.
— Ота-онамни кўргани кетяпман, шу ерда ишлайман, – дедим-у, гапни чўзмай, – журналистман, — дедим. Шунда олди ўриндиқдаги амаки худди тилла топгандек хурсанд нигоҳда ярқ этиб менга қаради:
— Сизни Худонинг ўзи етказди, укам, — деди. Тушундимки, унинг бир «дарди» бор...
У киши бир папка қоғозни кўрсатиб мурожаат қилмаган жойи қолмагани, ҳалигача муаммоси ечим топмаганини айтиб қолди.
— Ҳозир ҳам телевидение таҳририятидан келяпман, мурожаатимни ўрганиб чиқамиз дейишди, — деди у.
Маълум бўлишича, у ўз акасига олди-сотди учун 20 минг доллар тутқазган. Акаси унинг улушини кечиктириб берган. Энди бу «жабрдийда» ундан ўша 20 минг долларни ҳам қайтариб олмоқчи экан.
— Акангиз кеч бўлса ҳам улушингизни берибди-ку. Ундан яна ўшанча суммани ундириб олиб нима қиласиз? Яна бегонамас, жигарингиз бўлса...
Бу гап амакига зиғирча ҳам таъсир қилмади. Баттар жағи очилди:
— Ўша пулга харид қилинган товар шунча суммалик экани ростми, ёлғонми мен қаёқдан биламан. Пулимни қайтариб олишим керак барибир.
Тушундимки, тортишишдан наф йўқ.
Шу пайт иккинчи ҳамроҳим гап бошлаб қолди:
— Мен учинчи гуруҳ ногирониман, давлат пойтахтда даволанишимга ёрдам беради. Аммо бу сафар йўлланма билан келсам, шифокорлар жой йўқлигини важ қилиб, беш кундан сўнг келишимни айтди. Бироқ йўлланма бўйича беш куним «куйиб» кетаркан. Бу қанақаси? — деб шифокорлар устидан шикоят қилиб қолди.
—Буни ҳар томонлама, яхшилаб ўрганмай туриб, сизга аниқ бир нарса дейишим қийин. Суриштириб, қўлдан келганча ёрдам бераман, — дедим.
Суҳбат авжига чиқди, ҳамроҳларимнинг бири қўйиб, иккинчиси ҳали у, ҳали бу ташвишдан дийдиё қилди. Уларнинг арзимаган иш, ташвишдан ҳам катта муаммо «ясаб» олгани мени ажаблантирди. Гапирсам, тушунтирсам, фойдаси бўлмади. Хуллас, арзу эътирозларнинг адоғи кўринмади. Охири, пичоқ суякка етди. «Дардкаш»ларимнинг гапини шартта бўлдим:
— Энди мени ҳам эшитинглар, — дедим уларга юзланиб. – Шу десангиз, беш йилдан буён имтиёзли уйимнинг қурилишини кутаман. Кутсам яна кутавераман-у, лекин бола-чақа қишлоқда, ўзим шаҳарда, уларни олиб келишни чўнтак кўтармайди. Қишлоққа қайтай десам, тайинли иш йўқ. Ота-онам ўқитувчи. Отам безори ўқувчини ургани учун боши суддан чиқмаяпти. Онам бечоранинг маошидан ҳар ой коммунал тўловлар учун ушлаб қолинади, қарзимиз бўлсаю бўлмаса фарқи йўқ. Хотинимнинг иш жойидан «ҳадеб декретга чиқадиган бўлсангиз, аризангизни ёза қолинг!» деб дакки беришяпти. Катта ўғлим отамдан «Дадам бизнинг қанақа қариндошимиз бўлади?» деб сўрабди, — дея гапни якунладим.
Шерикларим кўзларини чақчайтириб, менга жи-и-и-м тикилиб қолди. Шу пайт машина эшиги очилиб тўртинчи ҳамроҳ келди-ю, салом-алик ҳам қилмай, йўлкиранинг осмонга чиқиб кетгани, ўз машинасида Тошкентга келиб-кетай деса, радарга тушишга тоқати йўқлигидан нолиди. Шу тобда кўнглимдан ўтгани шу бўлди: ўлай агар, тўртинчимизга журналистлигимни айтмайман!..
Бегали ЭШОНҚУЛОВ.