Олий Мажлис Сенатининг бу галги ялпи мажлиси депутатларнинг халққа яқинлашаётганини кўрсатди
Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида 31 та масала, жумладан, 19 та қонун, Вазирлар Маҳкамасига оид 4 та парламент сўрови кўриб чиқилди.
Йигирма учинчи ялпи мажлис фаолияти онлайн режимда Олий Мажлис Сенатининг расмий сайти орқали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида трансляция қилинди.
Бу рақамларни нима учун айтиб ўтаяпман?
Чунки биринчидан, парламент юқори палатасининг иш кўлами, самарадорлиги ортиб бормоқда. Иккинчидан, сенаторларнинг масъулияти ошаяпти.
Ялпи мажлис ишининг онлайн трансляция қилинишининг ўзи Сенат фаолиятидаги жуда катта ўзгариш бўлди, дейиш мумкин. Бу ўз навбатида, ҳудудлар манфаатларини парламентда ифода этувчи депутатларнинг халққа яқинлашаётганини исботлаб турибди. Негаки, энди фуқаролар - сайловчиларга Сенат мажлисини бевосита кузатиб, нафақат ҳудуддан сайланган депутатнинг хатти-ҳаракатларига, балки бутун Сенат аъзоларининг ишига баҳо бериш имконияти яратилмоқда.
Ялпи мажлис ишида кўриб чиқилган 19 та қонун юртимизда демократик ислоҳотлар ва янгиланишларни изчил амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.
Мажлис кун тартиби доирасида юқорида айтганимдай Вазирлар Маҳкамасига оид сўровлар масаласи ҳам кўриб чиқилди. Масалан, сенаторлар ота-оналар қаровисиз қолган ва меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Халқ демократик партиясидан сайланган депутат сифатида бу масаланинг долзарб аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашни истардим. Умуман, Сенатнинг тегишли қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти билан биргаликда ўтказилган ўрганиш ва таҳлил меҳрибонлик уйида тарбияланган болаларни жамиятга ижтимоий мослаштиришда қатор муаммолар борлигини кўрсатди. Шу муносабат билан бундай сўров юбориш зарурати юзага келди.
Бундан ташқари, ялпи мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими тавсифи ва намуналари ҳам кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Зайнаб БЕРДИЕВА,
Каттақўрғон туманидаги 20-мактаб директори,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.