Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили: Самарқанддаги 60 ўринли ҳибсхонада 160 нафар шахс сақланмоқда

Жорий йилнинг 20 апрел куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили вилоятдаги Маъмурий тартибда ҳибсга олинган шахсларни сақлаш учун Махсус қабулхонага мониторинг ташрифини амалга оширди.

Унда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоят бўлинмаси бош мутахассиси ҳам иштирок этган.

Мониторинг ташрифи амалга оширилган кун ҳолатига кўра қабулхонада 161 нафар ҳибсга олинган шахслар сақланмоқда. Улардан 8 нафари аёл ва қолган 153 нафари эркаклар эканлиги аниқланди.

Аслида 2020 йилда ташкил этилган мазкур муассасанинг сиғими 60 нафар шахсга мўлжалланган. Лекин, амалиётда 60 нафар эмас 160 нафар шахслар сақланмоқда.

Махсус қабулхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари ўрганилганда камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилган.

Сақланувчи шахсларнинг ювиниш хоналари янгидан қурилган бўлиб, бу бўйича камчилик аниқланмади.

Сақланувчи шахсларнинг маданий дам олишлари ва яқин қариндошлари билан учрашишлари учун яратилган шароитлар ўрганилганда Махсус қабулхонада маданий дам олишлари учун алоҳида хоналар ажратилгани ва 10 нафар маҳкумга мўлжалланган кутубхона мавжуд экани аниқланди. Унда 150 та турли бадиий ва ҳуқуқий адабиётлар бор.

Шунингдек, мониторингда Махсус қабулхонада сақланувчи шахсларнинг яқин қариндошлари учун ташкил этилган учрашув хоналари кўздан кечирилди. Қисқа муддатли учрашув хоналарининг сони атига 1 та бўлиб, бу 20 апрель ҳолатига кўра сақланаётган 160 нафар маҳкум учун етарли эмас. Натижада уларнинг оила аъзолари билан учрашувларни ташкил этишда узоқ навбатлар вужудга келмоқда. Шу нуқтаи назардан Омбудсман минтақавий вакили томонидан қисқа муддатли учрашув хоналарини кўпайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Махсус қабулхонада сақланувчи шахсларга 2 та хонадан иборат телефон хонаси ажратилган. Телефонлашиш учун тўлов хизмати Махсус қабулхона томонидан тўланади, дейилади, мониторинг ташрифи якуни бўйича хабарда.