Олий ўқув юрти яшаш жойига яқин бўлса, ота-оналар ўғил-қизларини ўқитишни кўпроқ истайди
Олий таълимга эҳтиёжнинг ортиши, чекка ҳудудларда мутахассислар етишмаслиги боис бугун туманларда ҳам олий ўқув муассасалари очилмоқда. Тоғ ҳудудига яқин, баҳаво ерда жойлашган Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали тинч ва осойишталиги билан эътиборимизни тортди.
- Университет филиали туманда педагог ва эркин иқтисодий зонага зарур етук мутахассисларни етиштириш мақсадида очилди, - дейди филиал директори Қувондиқ Ярашев. – Туман аҳолиси узоққа қизларини ўқишга юборишни истамагани учун мактабларда ўқитувчилар етишмаслиги муаммоси юзага келган. Баъзи ўқитувчилар Тойлоқ туманидан қатнаб ишлайди. Филиалимиз очилгандан буён ургутликлар фарзандларини бизнинг олий ўқув юртимизда ўқитяпти. Ҳақиқатда ўқув даргоҳи яшаш жйига яқин бўлса, ота-оналар ҳам ўғил-қизларини ўқитишни истар экан. Бугун филиалда мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 400 нафари ургутлик. Бу дегани яқин келажакда туманда педагог кадрларга бўлган эҳтиёж таъминланади.
Дарҳақиқат, ўтган ўқув йилида очилган ушбу олий таълим даргоҳи Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди. Шу мақсадда тумандаги эски Камонгарон касб-ҳунар коллежи биноси жорий таъмирдан чиқарилди. 2023-2024 ўқув йилидан фойдаланишга топширилган филиал ўқув биноси кенг, ёруғ хоналар, лаборатория, компьютер хоналари, фаоллар зали, спорт зал замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Бино атрофи ва йўлакларга энергия тежамкор қуёш панелли чироқлар ўрнатилиб, кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бинонинг том қисмида 100 кВт қуёш панеллари ўрнатилиб, таълим даргоҳи ўзини-ўзи энергия билан таъминлай олишига эришилди.
- Филиалимиз майдони 5 гектар бўлиб, давлат-хусусий шериклик асосида 2024 йилда 400 ўринли, 2025 йилда 400 ўринли, жами 800 ўринли талабалар ётоқхонаси қурилади, - деди филиал директори. – Ҳозирча талабалар филиалга яқин маҳаллаларда ижара уйларда истиқомат қилишяпти. Хонадон эгалари уларга барча шарт-шароитлар яратиб берган. Шунингдек, кейинги йилдан филиал ҳовлисидан 1,5 минг ўринли ўқув биноси қурилади. Бундан ташқари, 300 ўринли илмий лаборатория қуриш таклифини ҳам берганмиз.
Бугун филиалда мактабгача таълим, бошланғич таълим, математика ва информатика, кимё, биология, география ва иқтисодий билим асослари, ўзбек тили ва адабиёти, бухгалтерия ҳисоби ва аудит (тармоқлар бўйича), ахборот тизимлари ва технологиялари (тармоқлар ва соҳалар бўйича), ўзга тилли гуруҳларда рус тили, хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили каби йўналишларда талабалар таҳсил олмоқда.
Шунингдек, филиалнинг 33 нафар ўқитувчиларидан 2 нафари фан доктори, 17 нафари фалсафа доктори (PhD) бўлиб, уларнинг илмий салоҳияти 46,3 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, Самарқанд давлат университети ва бошқа олий таълим муассасаларидан ўриндошлик асосида профессор-ўқитувчилар дарс бермоқда. Россиялик ўқитувчи Ирина Машинкова ҳамкорлик меморандуми асосида келиб, талабаларга рус тилини чуқур ўргатмоқда. Чет тили ўқитувчиларининг барчаси С1 даражасидаги миллий сертификатга эга.
- Филиалимизда дарс жадвали онлайн тарзда ташкил этилган, - дейди декан ўринбосари Пўлат Қаҳҳоров. Ҳақиқатда ўқув биносига киришда катта экранли монитор ўрнатилган. – Ушбу монитор орқали талабалар дарс жадвалини, дарснинг қайси аудиторияда бўлишини кўриши мумкин. Шунингдек, монитордан филиал сайтидаги ахборотларни ёки бошқа олий таълими муассасаларининг сайтларини ҳам кузатиш имконига эга.
Талабаларнинг фаоллигидан келиб чиқиб, филиал радиоси ҳам йўлга қўйилган. Дарс бошланишидан олдин ва танаффус вақтларида радио орқали қисқа дастурлар бериб борилади. Масалан, ижодкор талабаларнинг шеърлари, ҳикоялари ёки мақом куй-қўшиқлар эшиттирилади.
Филиал ўз фаолиятини ота-оналар билан ҳамкорликда ишлашдан бошлаган. Шунинг учун ҳам бу ерга ота-оналар тез-тез келиб туришади. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг ҳам фикрларига қулоқ солдик.
- Ургут туманида университет филиали очилгани ургутликлар ютуғи, - дейди тумандаги 1-умумий ўрта таълим мактаби директор ўринбосари Шоира Абдураҳимова. – Ўзим Жиззах вилоятида ўқиганман, бориб-келишимиз қийин бўлган. Бизда ота-оналар қизларини узоққа ўқишга юбормайди, тезроқ турмушга беришади, келажагини ўйлашмайди. Энди мана бундай имкониятда албатта ўғил-қизларимизни ўқитамиз. Уларнинг ўқишига шарт-шароит яратиб берамиз.
- Қизим Динора Ботирова шу йил мазкур филиалнинг она тили ва адабиёт йўналишига ўқишга кирди, - дейди тумандаги 9-сон мактабгача таълим ташкилоти директори Ойдин Жалилова. – Мен ҳам Самарқанд давлат университетида ўқиганман. Ёш бола билан қийналганман. Туманимизда университет филиали очилганлиги биз, ота-оналарга манзур бўлди. Ҳали ўқиш бошланганига икки ой бўлмасдан қизимнинг устозларига бағишлаб ёзган мақоласи “Ургут садоси” газетасида чоп этилди. Бундан роса хурсанд бўлдим. Бундан ташқари, ота-оналар мажлисига келиб, бу ерда талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдим. Мен уйдан туриб фарзандимнинг баҳоларини, давоматини кузатиб бориш имконига эга эканман.
- Мен қишлоғимдан қатнаб мазкур олий таълим муассасасида таҳсил оляпман, - дейди ўзбек тили ва адабиёти йўналиши талабаси Ҳамида Сайдуллаева. – Туманимизда университет филиалининг очилиши нафақат менда, балки тумандаги барча ёшларда таълим олишга қизиқиш уйғотди. Бундай имкониятдан самарали фойдаланиб, насиб бўлса ушбу филиалда талабаларга дарс берадиган ўқитувчи бўлмоқчиман.
Биз ижодий жамоамиз билан филиалга қилган сафаримиз давомида талабалар билан давра суҳбати ҳам ташкиллаштирдик. Талабалар орасида ижодкор ёшлар ўзларининг шеърларидан ўқиб беришди. Уларга “Зарафшон” газетаси кутубхонасидан” рукнида чоп этилган китоблардан совға қилдик.
Хуршида Эрназарова,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.