Олий суд раиси Самарқандда сайёр қабул ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Камилов Самарқанд шаҳрида сайёр қабул ўтказди. Олий суд раиси, судьялари, вилоят жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлари раислари иштирокида ташкил этилган сайёр қабулда суд иши билан боғлиқ 295 фуқаро ўз муаммо ва таклифлари билан мурожаат қилди.
Мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш, суд иши юритуви сифатини янада яхшилашга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бермоқда. Шу жиҳатдан сайёр қабул давомида вилоятимизда яшовчи фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, кексалар, хотин-қизлар томонидан қабул қилинган якуний суд қарорларидан қониқмаслик, алимент, уй-жой масаласи ижросидаги камчиликлар, жойлардаги мутасаддиларнинг чиқараётган қарорларидан норозилик мурожаатлари тингланди, қайта кўриб чиқиш учун қабул қилиниб, ҳуқуқий томондан ёрдам берилди.
Жумладан, 245 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди, 50 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.