Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги абитуриентларни огоҳликка чақирди

Айни кунларда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари учун тайёргарлик жараёнлари қизғин кетмоқда. Табиийки, бу жараёндан унумли фойдаланиб, пул эвазига бирор олийгоҳга киритиб қўйишни ваъда қилаётган шахслар ҳам учрамоқда.

Хусусан, куни кеча Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро М.О. бошқа бир фуқаро А.нинг ишончига кириб, унинг жиянини ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ТДЮУга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг АҚШ доллари сўраган.

Белгиланган пулни фирибгарлик йўли билан олаётганида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, аввалроқ Тошкент ирригация институтига ўқишга киритиш учун 5 минг доллар сўраган шахс, Фарғонада Кореядаги университетга имтиҳонсиз киритиб қўйишни ваъда қилиб, мактаб ўқувчиларидан жами 20 миллион сўм олган шахслар, Ангренда 3,5 минг доллар эвазига Жисмоний тарбия университетига киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

"Ота-оналар ва абитуриентларни огоҳликка чақирамиз! Огоҳ бўлинг, алданиб қолманг! Шу каби ҳолатларга қўл уришни ният қилган шахслар ҳам юқоридагилардан хулоса чиқаришларини хоҳлардик. Зеро, сизнинг ноқонуний ҳаракатларингиз шаънингиз ва озодлигингизга раҳна солишига сабабчи бўлмасин", дейилган вазирлик хабар номасида.