Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олма кўчатлари қачон экилади?

Олма кўчатларини ноябр ойида ёки феврал ойининг охири, март ойининг бошларида экиш мақсадга мувофиқ.

Кўчатларни экиш учун ер майдони кузда маҳаллий ва минерал ўғитлар билан тўйинтирилади. Ерга гектарига 6-10 тонна гўнг, чиринди ҳамда 2-2,5 тонна фосфор солиниб плугланади. Олма кўчатларининг кенг тарқалган навлари – Симиринко, Голден, Беш Юлдуз, Розмарин, Тошкент Боровинкаси, Тилла олма, Самарқанд аълоси, Нафис ва бошқалар. Олманинг кучли ёки кучсиз ўсиши пайвандтагига боғлиқ, шунинг учун боғ яратишда кўчат пайвандтагига алоҳида эътибор бериш керак.

Кўчат экиш учун кўчат илдизи ўлчамига нисбатан анча кенг бўлган чуқурчалар ковланиб, ҳар бир кўчат учун 300-400 г. фосфор, 30-40 г. калий ва 6-8 кг. чириган гўнг унумдор тупроқ билан аралаштириб солинади. Кўчат илдизини янги мол гўнги ва тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштириб тайёрланган лойқага ботириб олиниб сўнгра ўтқазилади ва тупроқ тортилади. Шундан сўнг чуқурга тўлдириб сув қуйилади. Кўчатнинг пайвандланган қисми ердан 4-5 см. баландроқ қилиб экилади. Кучли шамоллар бўлиб турадиган ҳудудларда кўчатнинг пайвандланган жойи шамол йўналиши билан бир хилда қилиб ўтқазилади.

Чуқурчалардаги тупроқ чўккандан сўнг яна тупроқ солиб тўлдирилади. Кўчатлар яхши тутиб олгунига қадар тупроқ намлигига қараб тез-тез суғориб турилади.