Омбудсманнинг сўровига Самарқанд вилоятидан ҳам жавоб бўлмаган
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) томонидан шикоят хатлари кўриб чиқиш жараёнида вилоят ҳокимликларига шу йилнинг биринчи чорагида 168 та сўров хати жўнатилган бўлса, хатларнинг 98 тасига маҳаллий ҳокимликлар томонидан жавоб хатлари юборилмаган ёки белгиланмаган муддатда юборилган. Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан шу йил 9 та сўров хатларига жавоб хати берилмаган.
«Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги Қонуннинг 14 ва 15-моддаларига кўра, вакил шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш, ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш ва бошқа ҳуқуқларга эга. Мансабдор шахслар фуқароларнинг ҳуқуқлари, экинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигига тааллуқли вакил сўраган ҳужжатлар, материал ва бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг ҳисоботидан.