Омбудсманнинг вилоятдаги вакили: маҳкумлар ва вақтинча ҳибсхонада сақланаётганлар учун шароитларни яхшилаш керак

Вилоят ИИБ таркибидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари жуда ачинарли аҳволга келиб қолган. Яшаш учун шароитлар йўқ, бинолар таъмирталаб аҳволда.

Бу ҳақда Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоят бўйича минтақавий вакили Д.Ҳусанов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 88-сессиясида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу объектларда олиб борилган мониторинглар давомида уларни бошқа жойга кўчириш ёки қайтадан таъмирлаш керак деган хулосага келинган.

Бундан ташқари, ўрганишлар натижасида вилоятдаги 37- ва 38-манзил колонияларда жазо муддатини ўтаётган 1000 нафарга яқин маҳкум ва маҳкумалар учун тиббий кўриклар ташкил қилинган.

Қайд этилишича, манзил колонияга чиққан маҳкум ва маҳкумалар шартнома объектларида ишлаб, кунлик харажатларини қоплаш белгиланган. Баъзиларида аҳволи оғирлиги сабаб шартнома объектларига чиқмаганлиги сабабли кунлик озиқланиш харажатларини ҳам тополмайди.

Улар орасида ногиронлиги ёки соғлигида муаммоси борлари сабабли ишлаш имконияти йўқлар ҳам бор. Соғлигида муаммоси бўлган, лекин имконияти чекланган маҳкум ва маҳкумалар учун имтиёзли даволаниш ҳамда пуллик операцияларни амалга ошириш учун муайян миқдорда маблағ ажратиш зарурги таклиф қилинди.