Омон Матжон, Ўзбекистон халқ шоири: “Зарафшон”дек элга нур таратгувчи зиёси бор!
Турли давраларда, анжуманларда, ўзаро баҳс-мунозараларда ахборот алмашиш қайси даврда юзага келган, у қай йўсинда амалга оширилган, босма сўзнинг тарихи нечанчи асрлардан бошланади каби саволлар бот-бот такрорланиб туради. Бу саволларга жавоб бериш осон эмас.
Лекин мен ўзимча шундай ўйлайман: Ер юзида инсоният пайдо бўлгандан буён одамлар заминнинг қайси нуқтасида умргузаронлик қилишмасин, ўзаро мулоқот қилиб яшашга, ҳамкорлик қилишга, бир-бирига хабарлар етказишга, ахборот алмашишга интилиб яшаган. Шу маънода тошларга ўйилган энг қадимий пиктографик белгилар, қояларга чизилган суратлар, ёғочларга, ҳайвонлар териларига, папириусларга битилган ёзувлар ана шу ахборот алмашишнинг дастлабки намуналаридек таассурот қолдиради.
Ўтмишда хабар тарқатиш, ахборот бериш муҳим иш ҳисобланган. Абу Райҳон Беруний қадимий Хоразмда олимларни “хабарчи”лар дейишади деб маълумот беради. Бу бежиз эмас. Олимлар ҳақиқатдан ҳам ўзлари яратган янгиликлар, бошқалар кашф қилган кашфиётларни турли мамлакатларга, халқларга тарқатган. Ўз даврининг чинакам хабарчиларига, ахборотчиларига айланишган. Ёки Афросиёбнинг деворларига чизилган одамлар қиёфаларини эсланг. Шулар орасида кўплаб элчилар суратлари бор. Ихшидийлар саройига келган элчилардан бирининг кийими этагига дўстликни, қардошликни, ҳамкорликни улуғловчи сўзлар битилган. Ана шу битиклардаги хабар Самарқанддаги ахборотнинг қадимий намуналаридан бири, дейиш мумкин. Ёҳуд Мисрда қадимий папириусларга барча маълумотларни, хабарларни коҳинлар ва сарой амалдорлари битишган. Ҳиндистонда эса янгиликлар, маълумотлар, хабарларни ниҳоятда билимдон котиблар ёзишган. Улар 15-20 йил юксак даражада таълим олганларидан кейин “хабарчи”лик вазифасини бажаришга киришган. Булардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, қадимда хабар, ахборот, янгилик тарқатувчилар жуда зиёли, ўқимишли, даврининг етук инсонлари бўлишган. Улар томонидан битилган хабарлар, янгиликлар қадрланган.
Бугунги кунда эса хабар бериш, ахборот тарқатиш, ҳаётдаги воқеаларни таҳлил қилиб янгиликларни халққа етказиш оммавий ахборот воситалари, деб аталган радио, газета журналлар, телевидение, интернет ва бошқа ахборот тармоқлари зиммасига юкланган. Албатта, бу ахборот тармоқларининг ҳар бирининг ўзига хос вазифалари бор. Айни пайтда уларнинг ахборот оламида қулайлик ва афзалликлари ҳам мавжуд. Айтайлик, радио янгиликларни эшитувчилар учун етказаб берса, телевидение уларни эшиттиришдан ташқари, кўрсатиб бериш имконига эга. Интернет тармоқлари эса тезкорлик борасида илғор. Босма сўз - газета журналлар одамларга ахборот етказиш билан бирга радио, телевидение, интернет тармоқлари амалга оширолмайдиган иш — воқеликларни тарих бағрига ҳам муҳрлайди. Бундан ташқари, босма нашрларда сўзнинг қудрати, маъно товланишлари, ифори, латофати, жозибаси оммавий ахборотнинг бошқа тармоқларидагига нисбатан мукаммал намоён бўлади. Шу сабабли яхши ёзилган мақолани, публицистик асарни, ихчам ва мазмунан юксак битилган муҳим янгилик, ахборотни ҳамиша интиқлик, ошуфталик билан мутолаа қиламиз. Қалбимизда оммавий ахборот воситаларига, айниқса, босма матбуотга кўпроқ муҳибликнинг сабаби ҳам эҳтимол ана шундадир.
Эндиликда адабиёт оламига оммавий ахборот воситаларида қалами чархланмаган, бадиият мулкига матбуотнинг қайноқ ҳаётида тобланмасдан кирган ижодкор йўқ, десак хато бўлмайди. Зеро, бадииятга, сўзга муҳаббатнинг биринчи қадами ва синови ҳам матбуотдан бошланади.
Менинг ҳам шоир сифатида шаклланишимда, ижод оламини чуқурроқ англашимда, ҳаёт йўлимни белгилашимда матбуотнинг ўзига хос ўрни бор. Илк машқларим Хоразм вилоятининг Гурлан туманида нашр этиладиган “Пахтакорлар овози” газетаси саҳифаларида эълон қилинган. Самарқанд давлат университетига хорижий тиллар факультетига ўқишга кирганимдан кейин матбуотда эълон қилинган шеърларим туфайли ўзбек филологияси факультетида таълим олишга ўтказилганман. Самарқанд дорилфунунида етук устозлардан таълим олиш билан бирга, вилоятда чоп этиладиган “Зарафшон” (ўша пайтларда бу нашр “Ленин йўли” деб аталарди) газетаси биз ёшлар учун ижод ва ҳаёт мактаби вазифасини ўтаган. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида бу газетанинг нуфузи ниҳоятда юксак эди. У нафақат вилоятлар нашрлари ўртасида, балки республика газеталари орасида етакчилардан бири эди. Унда вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий, маърифий ва бошқа соҳалардаги юксалишлари билан бирга республика ҳаётидаги ютуқлар ва камчиликлар таҳлил ҳамда тадқиқ қилинарди. Газета Самарқанд адабий мактаби, илмий мажлислари, илму ирфони, маънавият чашмалари, маданий тараққиёти, умуман, воҳа аҳлининг қувонч ва ташвишлари, орзу-умидларининг кўзгусига айланганди.
Ўша йилларда газетага бош муҳаррирлик қилган Лутфулла Ҳамроев ва Нуриддин Шукуровнинг хизматлари ҳам катта бўлди. Улар “Зарафшон”нинг мавқеини юксалтириш билан бирга, таҳририят қошида ташкил этилган журналистлар ва ижодкорлар анжуманлари орқали кўплаб қалам аҳлларини кашф қилдилар. Ўтган асрнинг 60-70-йилларида газетада фаолиятини бошлаган Оқилжон Ҳусанов, Теша Сайдалиев, Ҳакима Ҳасанова, Наим Ғойипов, Раҳматжон Акрамов, Самариддин Сирожиддинов, Исо Абдураҳмонов, Нормурод Нарзуллаев, Суръат Орипов, Тельман Раҳматов, Марди Нуриддинов, Асад Дилмуродов, Абдурашид Абдураҳмонов, Нусрат Раҳматов ва бошқа кўплаб ижодкорлар адабиёт ҳамда матбуот ривожига муносиб ҳисса қўшдилар. Шу тариқа “Зарафшон”нинг ижод ва журналистика мактаби пайдо бўлди. Бу мактаб адабий ва маданий ҳаётимизда яхши натижа берди.
Умуман, “Зарафшон” газетаси ҳақида сўз борганда, унинг дунёга келиши, матбуот соҳасида ўз ўрнига эга бўлиши, халқ ичида танилишида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Ғози Юнус, Абдулҳамид Мажидий, Анқабой Худойбахтов, Раъно Узоқова, Саид Назар, Раҳмат Мажидий, Шароф Рашидов сингари миллатимизнинг фидойи шахслари ва ижодкорларнинг беқиёс хизматлари бор. Кейинги авлодлар вакиллари уларнинг муносиб давомчилари бўлишди.
Газета номининг “Зарафшон” деб аталиши ҳам бежиз эмас. Зарафшон дарё сифатида юксак чўққилардаги, мусаффо булоқлардаги сувларни жамлаб, воҳа ҳаётига жон бағишлайди. “Зарафшон” газета сифатида воҳа аҳлининг ақл-шуурига, қалбига нур, зиё, илм-маърифат, янгиликлар, олам гўзалликларини олиб киради. Ниятимиз газетанинг бу олижаноб мақсади келгусида ҳам бардавом бўлсин. Айтишларича, газетанинг шу кунгача 25 мингдан ортиқ сони чиқиб, муштарийлар қўлига етиб борибди. Бу дегани газета шу вақт ичида бир неча миллионлаб, миллиардлаб инсонлар қалбидан жой олганини, унинг ҳар бир дилда ўчмас зиёси борлигини кўрсатади.
Дўстлар, Самарқанд деган сўзнинг теран маъноси бор,
Чун Мароқанд ҳақда ҳар гапнинг қадим дунёси бор.
Бул заминнинг кечмиши Афросиёб бирлан буюк,
Толеинда ҳам Турон, ҳам Суғдиён имлоси бор.
Бул таворих саҳв ўлур, ёдланмаса буюк Темур,
Бир қўлинда тиғ унинг, лек кўксида зиёси бор.
Чун бу мулкни пойидор этти Улуғбек шавкати,
То бугун эл ёдида юлдуз севар Мирзоси бор.
Чорлади устоз Абдуллайс Мир Алишерни буён,
Бундаким назм аҳлининг Жомий каби пешвоси бор.
Тегди Бобур кўксига бунда Зарафшондин насим,
То бобо масканга мангу туғроси бор...
Кездилар бу боғ аро устоз Олимжон — нури пок,
Ёнида бузрук насаб Айний каби домлоси бор.
Шоир Уйғун, Миртемир, Асқад ал-Мухтор, яна
Назмрўй Файзий, яна ширин забон Яҳёси бор.
Бунда Мўминзодалар номи хазон бўлмай яшар,
Ориф Икром ўғлининг мангу руҳ афзоси бор.
Бунда Ҳамдам Бердиёр, Жўраю, Ботир Вали,
Қосим ўғли Акбару Маҳмуд Амин доноси бор.
Навқалам сардоридур Нуриддину Сайдуллолар,
Барчасига раҳнамо Воҳид Абдуллоси бор.
Кўп замонлар ўтса ҳам аҳли зако қолгай буюк,
Бул салафлар бошида оти Шароф сиймоси бор.
Дўстлар! Яхши ният — устозлар айланди ёд,
Чун аларнинг беҳудуд оби ҳаёт дарёси бор.
Барчаси ҳақда сўз айламоқ фурсати етса агар,
“Зарафшон”дек элга нур таратгувчи зиёси бор!