Ўн тўрт кун тўрт кунлик дунё ўткинчилиги ва ҳаёт қадрини англаш учун етарли фурсат

Бу Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси врач-терапевти Нигора Раҳматуллаеванинг хулосаси.

Нигора опа эгнига оқ халат кийиб, одамларга тиббий хизмат кўрсата бошлаганига 25 йил бўлди. Олий ўқув юртида таҳсил олган даврини ҳам ҳисоблайдиган бўлсак, ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён шу соҳа ичида. Инсон руҳи ва жисми саломатлиги учун нима муҳимлиги, нималар саломатликка путур етказиши-ю соғлом ҳаёт кечириш қандай омилларга боғлиқлигини яхши билади. Шунинг учун беморларга ҳам, маслаҳат сўраб келган кишиларга ҳам айтадиган гапи, берадиган тавсиялари аниқ. Опа яқинда коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган муассасада ишлаб келганидан сўнг, ҳаётга қарашлари ўзгарди. Одамларга айтар гапи, саломатликнинг қадрига етиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича тавсиялари ўзгарди.

  – Иш фаолиятим давомида турли ҳолатдаги беморларни кўрганман, даволаганман, лекин ҳаётдан умидини узиб, энди умрим поёнига етди, деган хавотир билан кун санаётган кишиларни кам учратганман, – дейди Нигора Раҳматуллаева. – Бироқ яқинда Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнида, афсуски, тушкунликка тушиб, ана шундай ўй-хаёллар исканжасида қолган кишиларни кўрдим. “Энди нима бўлади, наҳотки шу инфекция билан ҳаётдан ўтиб кетсам, орзу-умидларим кўп эди, соғайиб чиқсам фақат одамларга яхшилик қиламан, бировга ёмонлик қилмайман”, деган гапларни эшитдим. Тўғри, коронавирус хавфли инфекция, ҳозирча бунга қарши вакцина топилмади. Аммо айтилаётган тавсияларга амал қилинса, санитария қоидаларига риоя этилса, касаллик юқишидан ҳимояланиш, хасталикни даволаш мумкин. Ўлим ҳолатлари учраяпти, лекин бунга беморларнинг бошқа касалликлари ҳам сабаб бўлмоқда. Айни шу жиҳатларни беморларга тушунтириб, уларнинг руҳини кўтариш, тушкун кайфиятдан чиқаришга ҳаракат қилдик. Ҳар куни бир неча беморларнинг тузалиб чиқаётгани ҳам бошқаларга умид уйғотарди.

  – Коронавирусга чалинган кишиларни даволаш учун ўзингиз бордингизми ёки сизни биров бунга мажбур қилдими?

  – Албатта, ўзим бордим, ҳеч ким мажбур қилмади. Гиппократ қасамига содиқ қолиб, бордим, десам баландпарвоз гап бўлади. Чунки беморларни даволаш бизнинг бурчимиз, вазифамиз бўлса-да кўриниб турган хавфга ҳеч ким ўзини урмайди. Бунинг устига бу касалларни даволаш бевосита сизга топширилмаган бўлса. Давлатимиз томонидан касалликка чалинган беморларга хизмат кўрсатган тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ тўланиши, маошига устама белгиланиши шифокорларга далда бўлди. Мен ҳам ўз ихтиёрим билан бориб 14 кун пулманолог-консультант сифатида ишладим. Меҳнатимга яраша ҳақ тўлашди. Ҳозир ўша суммани бермаймиз, касалларни даволашда қатнашинг, дейишса ҳам оғринмай бораман.

  – Оила аъзоларингиз, ҳамкасбларингизнинг муносабати қандай бўлди?

  – Турмуш ўртоғим, фарзандларим бошида қаршилик қилишди, “Сизни ҳеч ким мажбурламаяпти-ку, бориб нима қиласиз”, дейишди. Кейин тўғри қабул қилишди. Ўзим ҳам 14 кун шифохонада, кейин 14 кун карантинда (ўша пайтда шунақа эди) болаларим, набираларимни соғиндим. Лекин начора, ишимиз шунақа, бунинг устига бир неча кишиларнинг соғлом ҳаётга қайтишига сабабчи бўлиб, уларнинг қувончига шерик бўлишнинг гашти ҳам бошқача. Ҳамкасбларим, қўни-қўшнилар бу ердан борганимдан кейин мендан ўзларини олиб қочса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, аксинча, улар  мени қўллаб-қувватлади. Маслаҳат сўраб, касаллар даволанаётган муассасага бориб ишлаган ҳамкасбларим ҳам кўп бўлди.

  – Ҳозирги вазиятда шифокор сифатидаги хулосангиз қандай?

  – Коронавирусни енгиш, пандемиядан камроқ талафот билан чиқиш мумкин ва бу ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Барчамиз белгиланган санитария-гигиена қоидаларига амал қилсак, айтилаётган тавсияларни бажарсак, хавфдан холи бўламиз. Айниқса, ёши улуғ кишилар, бошқа хасталиклар билан оғриган беморларни асрашимиз, уларнинг саломатлигига ҳар қачонгидан ҳам эътиборли бўлишимиз лозим.

Ғолиб Ҳасанов суҳбатлашди.