Ўн тўрт тилни билган жадид, маърифатпарвар, таржимон ва шоир ҳаёти, ижоди ва аччиқ қисмати эсланди

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида маърифатпарвар олим, журналист ва таржимон Саидризо Ализода таваллудининг 137 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Карим Маҳаммадзода, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев ва вилоят кенг жамоатчилиги вакиллари қатнашди.

Шаҳардаги 14-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган тадбир ушбу таълим масканида ўрнатилган Саидризо Ализода бюсти олдида унинг хотирасини ёд этиш ҳамда мактаб ўқувчиларининг маърифатпарварнинг ҳикматли сўзларини айтишдан бошланди.

Мактаб залида давом этган маънавий-маърифий тадбир иштирокчилари Саидризо Ализода қолдирган бой илмий-маърифий мерос ҳақида сўз юритди. 

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов кейинги пайтда Президентимиз томонидан жадидчиларни ёд этиш, улар қолдирган маънавий меросни бугунги ва келгуси авлодга етказиш масаласи алоҳида диққат марказида бўлаётгани, улар тўғрисида адабиётлар ва ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқилаётганини эътироф этди. Шуни ҳисобга олиб, Саидризо Ализоданинг келгуси йилда ўтказиладиган 138 йиллиги олдидан ёш авлодга ўрнак бўладиган маърифатпарвар, жадидчи ҳақида алоҳида фильм ҳамда спектакль ташкил қилишга киришилганини билдирди.

Маърифий тадбирда Ализода миллий матбуот ривожига ҳам катта ҳисса қўшгани, Самарқандда газета ва журналлар ташкил этишда фаол иштирок этиб, “Самарқанд” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси муҳаррири бўлгани, “Шуълаи инқилоб” журналини ташкил этгани эътироф этилди. Набираси Фарҳод Ализода бобоси ҳақида аччиқ хотиралар билан эслади. Ўқувчилар томонидан жадидчи бобомиз тўғрисида саҳналаштирилган чиқиши тадбир руҳини кўтарди.

-  Саидризо Ализода маърифатчи инсон сифатида нафақат сизнинг мамлакатингизда ёки Озарбайжонда, балки қўшни мамлакатларда ҳам улуғланади, – дейди Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Карим Маҳаммадзода. – Чунки у киши ўн тўрт тилни билган ва бу борада саводхонлик мактаблари ташкил этиб, ўша замонда маърифат улашишдек эзгу ишда бош бўлган. Ва Ализода яратган дарсликлар узоқ йиллар таълим тизимига қўлланилганини барсамиз яхши биламиз ва фахрланамиз.   

       

Тадбир давомида иштирокчилардан бир гуруҳи Саидризо Ализода мангу қўним топган масканни зиёрат қилди, унинг ҳақига дуо қилиниб, ибрат бўлувчи фазилатлари ёдга олинди. Сўнгра Саидризо Ализода уй-музейида бўлиб, бу ерда маърифатпарвар ҳаёти, ижоди ва фаолияти билан боғлиқ экспонатлар билан танишдилар.

Ҳусан Элтоев.